“The Diplomatic Insight”: “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши фаол амалга оширилмоқда

Август 08, 2026. 11:30 • 2 дақ

91
“The Diplomatic Insight”: “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши фаол амалга оширилмоқда

ИСЛОМОБОД, 8 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” нашрида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг интервьюси эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Интервьюда Ўзбекистон Президентининг шу йил 30 июль – 1 август кунлари Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатлари ривожида янги босқични бошлагани таъкидланган.

Акрамжон Неъматовнинг таъкидлашича, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Кўп йиллик муҳокамалардан сўнг лойиҳа фаол қурилиш босқичига ўтди.

Ушбу лойиҳа Шарқ ва Ғарб ўртасидаги қисқа ва самарали қуруқлик йўналиши – замонавий темир йўлини шакллантириш орқали Евросиёнинг транспорт-логистика харитасини тубдан ўзгартирмоқда.

Янги магистралнинг лойиҳа қуввати йилига 15 миллион тоннагача юк ташишни ташкил этади. Кўламни тасаввур қилиш учун 2025 йилда Қирғизистон темир йўллари орқали жами 10,5 миллион тонна юк ташилганини қайд этиш кифоя. Демак, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли лойиҳа кўрсаткичларига чиққач, унинг ўтказиш қуввати Қирғизистон миллий темир йўл тизимининг ҳозирги умумий юк ташиш ҳажмидан ҳам юқори бўлади.

Шунингдек ўқинг

Экспертнинг айтишича, Ўзбекистон учун бу транзит маркази мақомини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан қадам бўлиб, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва ундан кейин Европанинг йирик бозорларига тўғридан-тўғри ва хавфсиз чиқиш имконини беради. Қирғизистон учун эса лойиҳа илгари бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларни хўжалик фаолиятига кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришни англатади.

Суҳбатда “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлининг Ўрта йўлак, Трансафғон йўналиши ва Эрон орқали ўтадиган транспорт тармоқлари билан боғланиши Евро0сиё ўзаро боғлиқлигининг принципиал жиҳатдан янги тизимини шакллантириши аён бўлгани қайд этилган.

Таъкидланишича, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” йўналишининг амалий рўёбга чиқарилиши юксак суръат ва стандартларни белгилаб бермоқда. Бу Марказий Осиёга Ҳинд океани портларига энг қисқа чиқиш имконини берадиган Трансафғон лойиҳасини тезроқ илгари суриш ва амалга оширишга кучли ижобий таъсир кўрсатади.

“Амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳақиқатан ҳам катта таассурот уйғотмоқда ва “аср қурилиши” энг фаол амалий босқичга ўтганини яққол кўрсатяпти”, – деган СМТИ директорининг биринчи ўринбосари.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш