Сибир университети ўзбекистонлик талабалар сонини кўпайтиришдан манфаатдор

Июнь 22, 2026. 09:00 • 2 дақ

78
Сибир университети ўзбекистонлик талабалар сонини кўпайтиришдан манфаатдор

НОВОСИБИРСК, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Сибир давлат муҳандислик ва биотехнологиялар университети ректори Евгений Рудой билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат давомида мазкур олий таълим муассасасида талабаларимизнинг ўқиш жараёни, уларнинг тайёргарлик даражаси, ўзбекистонлик талабаларнинг ҳаёти ва турмушига оид бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида университет ректори ўзбекистонлик талабалар сонини, хусусан, ирригация ва мелиорация, тупроқшунослик, деҳқончилик ва биотехнология каби техник соҳалар бўйича оширишга қизиқиш юқори эканини қайд этди.

Шу билан бирга, университет магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун Ўзбекистондан келадиган ёш мутахассисларни кенг жалб этишга тайёр эканини билдирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони мазкур университет, Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамкорлигида гидрология ва гидрогеология, гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш каби йўналишлар бўйича қўшма маърузалар ва ўқув машғулотларини йўлга қўйиш орқали таълим ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф қилди.

Россия томони Бош консулнинг олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш хусусидаги таклифини мамнуният билан қабул қилди.

Учрашувда ўзбекистонлик талабаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат ҳимоясида экани қайд этилди. Бош консулхона уларнинг Новосибирскдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олиш жараёнида юзага келадиган масалаларни ҳал этишда зарур ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатишда давом этишини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш