Ўзбекистон ва БАА олий таълим муассасалари ўртасида академик ҳамкорлик кенгайтирилмоқда

Июнь 21, 2026. 17:00 • 2 дақ

107
Ўзбекистон ва БАА олий таълим муассасалари ўртасида академик ҳамкорлик кенгайтирилмоқда

АБУ-ДАБИ, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари БААнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Ал-Айн университети раисининг ўринбосари доктор Нур Алдин Субҳи Ататреҳ билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва БАА ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат университетлари ўртасида тўғридан-тўғри академик алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

 Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар тизимида таълим йўналиши устувор аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди. Томонлар талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш ҳамда ўқув жараёнларига энг замонавий таълим технологияларини жорий этиш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Доктор Нур Алдин Ататреҳ хорижлик дипломатларга Ал-Айн университетининг таълим дастурлари, нуфузли халқаро рейтинглардаги ўрни, илмий-тадқиқот фаолияти ва хорижий шериклар билан йўлга қўйилган муваффақиятли ҳамкорлик тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берди. Эътироф этилганидек, университет раҳбарияти халқаро шериклик алоқаларини, хусусан, Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда.

Учрашув давомида таълим сифатини ошириш, инновацион ёндашувларни татбиқ этиш ва ёш мутахассисларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бунда таълим тизимининг рақамли трансформацияси, ўқув жараёнига сунъий интеллект ечимларини интеграция қилишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, аниқ лойиҳалар бўйича ишчи мулоқотларни давом эттириш ҳамда келгусида расмий ҳамкорлик механизмлари ва тегишли ҳужжатларни шакллантириш юзасидан келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш