Хоразм вилояти делегацияси Туркиянинг Истанбул ва Трабзонга амалий ташриф билан борди
Февраль 19, 2026. 14:31 • 3 дақ
• 108ИСТАНБУЛ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари кўмагида Хоразм вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Истанбул ва Трабзон шаҳарларига амалий ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация таркибидан вилоят туризм ва мактабгача таълим бошқармаси вакиллари, Урганч давлат университети раҳбарияти ҳамда 12 нафар тадбиркор ўрин олди.
Ташриф доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим, туризм ва саноат соҳаларида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашув ва тадбирлар ўтказилди.
Делегация аъзолари Истанбулда вилоят губернатори Давуд Гул билан учрашув ўтказди. Мулоқот жараёнида икки томонлама ҳудудлараро алоқаларни институционал даражада кенгайтириш, туризм оқимини ошириш ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида шерикликни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Истанбул университети раҳбарияти билан учрашувда таълим, академик алмашинув дастурлари, қўшма илмий тадқиқотлар ва талабалар мобиллигини ривожлантириш юзасидан келишувларга эришилди.
Делегация Истанбулдаги “İkitelli” саноат зонасига ташриф доирасида ишлаб чиқариш инфратузилмаси, кластер тизими ва инвесторлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Суҳбат жараёнида турк инвесторларини Хоразм вилоятига жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
“MÜSİAD” (мустақил саноатчилар уюшмаси) билан ҳамкорликда ўтказилган бизнес-форумда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида “B2B” шаклида учрашувлар ўтказилди. Саноат кооперацияси, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, қурилиш материаллари ва хизматлар соҳасидаги лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб борилди.
Делегация вакиллари Трабзон шаҳрида губернатор Тоҳир Шахин билан расмий учрашув ўтказди. Суҳбатда Қора денгиз ҳудуди билан савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, логистика ва туризм йўналишида ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Трабзон шаҳар ҳокими ўринбосари Ахмет Гулай билан учрашувда шаҳарлар ўртасидаги шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, маданий ва таълим алмашинув дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят делегацияси Трабзон Савдо-саноат палатасида ташкил этилган бизнес-форумда иштирок этди. Форумда туризм инфратузилмаси, меҳмонхона хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятлари тақдим этилди.
Трабзон Туризм ва маданият бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, икки ҳудуднинг туристик салоҳиятини ўзаро тарғиб қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашувлар якунида Истанбул, Трабзон ва Хива шаҳарларида “Маданият ва туризм кунлари”ни ўтказиш, “Урганч–Истанбул” авиақатновлар сонини ошириш, “Урганч–Трабзон” йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди. Трабзон Савдо-саноат палатаси раҳбари бошчилигида турк ишбилармонлар делегациясининг Хоразм вилоятига амалий ташрифини ташкил этиш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.
Амалий ташриф давомида Хоразм вилояти делегацияси томонидан Туркиянинг етакчи ҳудудлари билан институционал ва бизнес даражасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилди. Учрашув ва бизнес-форумлар натижасида қатор истиқболли инвестиция ва кооперация лойиҳалари юзасидан дастлабки келишувларга эришилди. Мазкур ташриф Хоразм вилоятининг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда туризм ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




