Малайзиялик инвесторлар Ўзбекистонда ликопин ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда
Февраль 11, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 197
КУАЛА-ЛУМПУР, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг “Rafahia Holdings Berhad” ва “Global Farm Biotech” компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда “Rafahia Holdings Berhad” компанияси бош директори Азазул Шаҳрир тарвуз маҳсулотларидан ликопин ажратиб олиш заводини қуриш лойиҳаси билан таништирди.
Компания раҳбарининг сўзларига кўра, ликопин фармацевтикада муҳим роль ўйнайди, хусусан, у саратон ҳужайралари ривожланишининг олдини олиш, юрак-қон томир тизимини ҳимоя қилиш ва иммунитетни мустаҳкамлаш қобилиятига эга. Бундан ташқари, бу модда косметологияда терини ёшартириш ва ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилиш учун, озиқ-овқат саноатида эса табиий бўёқ ва фойдали озиқ-овқат қўшимчаси сифатида кенг қўлланилади.
Малайзия томонининг таъкидлашича, тарвуздан ликопин олиш лойиҳасини амалга ошириш Осиё минтақаси учун ноёб бўлиши мумкин, чунки ҳозирги вақтда дунёда ликопин олиш технологияси асосан помидорни қайта ишлашга асосланган.
Ҳозирда компания бугунга қадар лаборатория шароитида тарвуздан ликопин ажратиб олиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини муваффақиятли якунлаган. Эътиборли жиҳати, бўлажак завод чиқиндисиз технология асосида ишлайди. Асосий маҳсулот сифатида ликопин олинса, ишлаб чиқариш қолдиқларидан тарвуз шарбатлари ва салқин ичимликлар тайёрланади. Якуний чиқиндилардан қишлоқ хўжалиги ерлари учун органик ўғит ишлаб чиқарилади.
Компания раҳбарияти молиявий ва техник салоҳиятга эга маҳаллий тадбиркорларни ушбу ташаббусни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақиради.
Юқори концентрацияли ликопин олиш учун кўп миқдорда хомашё (тарвуз) талаб этилади, бу эса маҳаллий фермерлар ва дала хўжаликлари учун барқарор ва кафолатли сотувни таъминлайди.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиши ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бериши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
