Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг Подляска воэводлиги раҳбарлари билан ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди
Февраль 08, 2026. 15:20 • 2 дақ
• 111БЕЛОСТОК, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг Подляск воеводалиги (вилояти)га ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Подляск воеводалиги Польшанинг Шимолий-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, бу ерда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, паррандачилик ва транспорт-логистика тармоқлари ривожланган.
Вакилларимиз ташриф давомида Подляск маршали (ҳоким) Лукаш Прокорим билан учрашди.
Музокаралар давомида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, транспорт-коммуникация, ахборот технологиялари, мебель ишлаб чиқариш, таълим, спорт ва туризм соҳаларида Хоразм вилояти ва Подляск воеводалиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни амалий мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Лукаш Прокорим элчихонанинг бу борадаги ташаббусини қўллаб-қувватлаб, тегишли таклифнома келиб тушган тақдирда 2026 йил давомида Ўзбекистонга, хусусан, Хоразм ва Тошкент вилоятларига Подляск воеводалиги ишбилармон доиралари вакилларидан иборат бизнес-миссия бошчилигида ташриф буюришга тайёр эканини маълум қилди.
Подляск ҳокимнинг таъкидлашича, Подляск воеводалиги қишлоқ хўжалиги ва металлургия саноати соҳаларида юқори салоҳиятга эга бўлиб, инновацион ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлари билан ажралиб туради. Жумладан, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган “Pronar” (қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш), “Mlekovita” (сут ва сут маҳсулотлари) ҳамда “Igloszron” (совутгич ва музлатиш ускуналари) каби йирик компаниялар Ўзбекистонда, хусусан, Хоразм ва Тошкент вилоятларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга катта қизиқиш билдирган.
Шу билан бирга, поляк томони Белосток университети, Белосток технология университети ҳамда Белосток тиббиёт университети Ўзбекистондаги, айниқса, Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасалар билан таълим, илм-фан ва академик алмашинув соҳаларида шериклик муносабатларини йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур олийгоҳлар ва юқорида тилга олинган компаниялар вакиллари Ўзбекистонга режалаштирилаётган навбатдаги бизнес-миссия таркибида иштирок этишни кўзда тутмоқда.
Юртимиз дипломатлари Подляск воеводалигидаги Дрохичин шаҳри мэри Войцех Боржим, Польша Миллий савдо палатаси вице-президенти, Подляски иқтисодий форуми президенти, Белосток Савдо-саноат палатасининг фахрий президенти, “Contractus” компанияси президенти Витольд Карчевски ҳамда Белосток шаҳридаги Олий иқтисодиёт университети ректори Александр Прокопюк билан ҳам учрашди.
Дипмиссия раҳбари иштирокида Дрохичин шаҳри мэри Войцех Боржим ва Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри ҳокими Илҳом Қиличхонов ўртасида ўтказилган онлайн учрашув якунида мазкур икки шаҳар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, илғор инвестицияларни жалб этиш, агротуризмни йўлга қўйиш ҳамда бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни изчил кенгайтириш назарда тутилган.
Александр Прокопюк, ўз навбатида, Ўзбекистон вакилларини 2026 йил май ойида Белосток шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Иқтисодий ва геосиёсий ўзгаришлар шароитида глобал ва минтақавий интеграция” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда иштирок этишга таклиф қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






