Ўзбекистон делегацияси Малайзиянинг ислом молияси бўйича илғор тажрибасини ўрганди

Ноябрь 26, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 53
Ўзбекистон делегацияси Малайзиянинг ислом молияси бўйича илғор тажрибасини ўрганди

КУАЛА-ЛУМПУР, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ташаббуси билан БМТ Тараққиёт дастури, Ислом тараққиёт банки ва Осиё тараққиёт банки кўмагида ислом молияси бўйича Малайзиянинг илғор тажрибаси ўрганилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, “Тошкент” республика фонд биржаси” АЖ ҳамда “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ вакилларидан иборат делегация иштирок этди.

Дастур доирасида Малайзиянинг ислом молияси соҳасида фаолият юритувчи давлат идоралари ва молия институтлари билан бўлиб ўтган учрашувлар ва амалий-техник ташрифлар Малайзиянинг ислом молияси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базаси, институционал тузилмаси, бозор механизмлари ва амалий фаолияти билан яқиндан танишиш имконини берди.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, сукук ва “яшил” сукук инструментларини чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари, уларни тартибга солиш ва инвестицияларни жалб этишдаги ўрни, такафул суғурта тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари юзасидан малайзиялик мутахассислар билан фикр алмашилди. Шу билан бирга, соҳадаги мавжуд имкониятлар ва муаммолар, илғор амалиётлар ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Мазкур ташриф Ўзбекистонда ислом молияси инструментларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади. Айни пайтда сукук инструментига оид алоҳида боб ва тегишли нормаларни ўз ичига олган “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Олий Мажлисида кўриб чиқилмоқда.

Малайзиянинг ислом молияси соҳасидаги бой тажрибасини ўрганиш Ўзбекистонда сукук, “яшил” сукук ва такафул инструментларини жорий этиш, капитал ва суғурта бозорларини янада ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилишнинг муқобил механизмларини кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг халқаро молия бозорларига интеграциялашувини чуқурлаштириш учун муҳим имкониятлар яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш