Logo

Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда

Май 13, 2026. 15:25 • 3 дақ

52
Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда
Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда
Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда
Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда
Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда
Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда

НЬЮ-ЙОРК, 13 май /“Дунё” АА/. АҚШдаги БМТ штаб-квартирасида ташкилотнинг Ўрмонлар бўйича форуми 21-сессияси бошланди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу форум БМТнинг Иқтисодий-ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳомийлигида ўтказилмоқда. Унда дунёнинг 180 дан ортиқ давлатлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар ҳамда фуқаролик жамияти иштирок этмоқда.

Ўзбекистон делегациясига Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилик қилмоқда.

Форумда 2017–2030 йилларга мўлжалланган БМТнинг Ўрмонлар бўйича стратегик режаси ижроси, ўрмонларни муҳофаза қилиш, ерлар деградациясига қарши курашиш ва барқарор ўрмон хўжалигини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда. 2027–2036 йилларга мўлжалланган Ўрмон барпо этиш ва тиклаш ҳаракатлари ўн йиллигига тайёргарлик ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027–2036 йилларни “Ўрмон барпо этиш ва тиклаш ҳаракатлари ўн йиллиги” деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди.

Ушбу дастур доирасида глобал йўл харитасини ишлаб чиқиш, “Минтақавий яшил қалқон” ташаббусини илгари суриш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экиш ҳамда чанг ва қум бўронлари ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш режалаштирилган.

Халқаро тадбирда Ўзбекистон томони мамлакатда амалга оширилаётган ўрмон барпо этиш ишлари, ерлар деградациясининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга, Орол денгизининг қуриши натижасида Оролқум саҳроси пайдо бўлгани экологик инқирознинг энг оғир мисолларидан бири сифатида қайд этилди.

Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий дастури ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, сўнгги беш йилда мамлакат бўйлаб бир миллиарддан ортиқ дарахт ва буталар экилган. Натижада, кўкаламзорлаштириш даражаси 8 фоиздан 14 фоизга ошган. 2030 йилгача бу кўрсаткични 30 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон яқин келажакда ўрмон барпо этиш ва ўрмонларни тиклаш масалаларига бағишланган халқаро вазирлар конференциясини ўтказишга тайёр эканини ҳам маълум қилди.

Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси Глобал экологик жамғарма бош директори Клод Гаскон, БМТ Ўрмонлар форуми котибияти директори Жюльетт Биао Кудэнукпо, БМТ Бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг Тараққиёт дастури (UNDP) маъмурияти ўринбосари Хаолян Шу ҳамда БМТ Бош котибининг иқлим бўйича махсус вакили Селвин Харт билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда ўрмонларни тиклаш, экологик лойиҳаларни молиялаштириш ва Ўрмон барпо этиш ҳаракатлари ўн йиллигини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш