Покистон компанияси Тошкент вилоятида тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонасини ташкил этади

Май 13, 2026. 13:55 • 2 дақ

13
Покистон компанияси Тошкент вилоятида тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонасини ташкил этади

ИСЛОМОБОД, 13 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Покистоннинг йирик чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири — “Royal Leather Industries Limited” раҳбари Муҳаммад Азам Малик бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Ташриф доирасида Покистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори Нозимжон Холмуродов билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда икки давлат ўртасида чарм-пойабзал саноати соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ҳудудида тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий саноат зонасини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳа доирасида юқори қўшилган қийматга эга бўлган чарм маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мос маҳсулот тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Таъкидланганидек, мазкур саноат зонасининг ишга туширилиши натижасида Европа, АҚШ ва бошқа йирик халқаро бозорларга экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий чарм-пойабзал саноати рақобатбардошлигини ошириш ҳамда соҳани янги босқичга олиб чиқиш имконияти яратилади. Шу билан бирга, лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги кооперация алоқаларини шакллантиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, музокаралар чоғида чарм саноатида саноат кооперациясини ривожлантириш, инновацион ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш, экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар “Royal Leather Industries Limited” компаниясининг кўп йиллик тажрибаси, илғор технологиялари ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

“Royal Leather Industries Limited” 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Покистоннинг йирик вертикал интеграциялашган чарм ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири саналади. Корхона Европа, АҚШ ва бошқа халқаро бозорлардаги нуфузли брендлар билан ҳамкорлик қилиб, юқори сифатли чарм маҳсулотларини экспорт қилиб келмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш