Ўзбекистон делегацияси АҚШдаги йирик халқаро инвестиция саммити – “SelectUSA”да қатнашди
Май 07, 2026. 14:55 • 3 дақ
• 62ВАШИНГТОН, 7 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация АҚШда 3–6 май кунлари бўлиб ўтган йилнинг энг йирик халқаро инвестиция платформаси – “SelectUSA Investment Summit 2026”да иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Саммит доирасида асосий эътибор технологик инновациялар, барқарор ривожланиш, саноат ишлаб чиқариши ва глобал инвестиция ҳамкорликларини кенгайтириш каби йўналишларга қаратилди.
Тадбирда йирик халқаро корпорациялар, инвестиция фондлари ва давлат тузилмалари вакиллари иштирок этди. Дунёнинг турли минтақаларидан келган делегацияларнинг фаол иштироки АҚШнинг инвестиция сиёсатига бўлган катта қизиқишни ифодалади.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан “AKFA Group”, “BMB Holding”, “Sharq Tubes”, “Texnomart”, “Safia Cafe & Bakery”, “Oqtepa Food Service”, “ADM Global”, “Delta Global Dynamics” ва бошқа йирик компаниялар раҳбарлари ўрин олди.
Ўзбекистон томони инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда турли иқтисодий соҳаларда ўзбек ва америкалик компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Саммитнинг очилиш маросимида “AKFA Group” компанияси АҚШ Савдо вазирлиги, Давлат департаменти, Ўзбекистон элчихонаси ва Кентукки штати расмийлари иштирокида Кентуккида алюминий маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича биринчи инвестиция лойиҳасини ишга тушириш маросимини ўтказди. Лойиҳа компаниянинг халқаро фаолиятини кенгайтириш ва АҚШ бозорида ишлаб чиқариш базасини мустаҳкамлаш стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.
Тадбир доирасида Ўзбекистон элчихонасида ҳам кенг кўламли бизнес-семинар ўтказилди. Унда АҚШ Савдо вазирлиги, Давлат департаменти, Америка–Ўзбекистон савдо палатаси, икки мамлакат ишбилармон доиралари ва экспертлар иштирок этди.
Халқаро учрашувда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, АҚШ Савдо вазирининг халқаро савдо бўйича ўринбосари Дэвид Фогель, Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Пол Капур, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник ҳамда Америка–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролайн Лэмм қатнашди.
Иштирокчилар икки давлат ўртасида иқтисодий мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир конструктив ва самарали муҳитда ўтди. Ўзбекистон компаниялари фаол иштирок этиб, турли соҳалардаги етакчи америкалик компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатди.
Саммит ҳақида АҚШ Савдо вазирининг ўринбосари Дэвид Фогель фикр билдирди:
– Ўзбекистон компанияларининг “SelectUSA”да иштирок этиши уларнинг халқаро ҳамкорликка тайёрлигини кўрсатади. Биз икки томонлама инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳиятни кўрмоқдамиз.
Давлат котиби ёрдамчиси Пол Капурнинг фикрича, Ўзбекистон АҚШнинг Марказий Осиёдаги муҳим ва ишончли ҳамкорига айланмоқда. Мамлакатдаги ислоҳотлар ва очиқлик халқаро бизнес учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Шунингдек, икки мамлакат президентлари ўртасидаги муносабатлар асосида кучли институционал ва сиёсий ҳамкорлик асослари шакллангани, бу эса бизнес учун кенг имкониятлар очаётгани қайд этилди.
Бу ҳамкорлик натижасида Америка–Ўзбекистон инвестиция ва бизнес кенгаши ташкил этилди ва у жорий йил апрель ойида Вашингтонда биринчи йиғилишини ўтказди. Бу платформа икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида инвестиция мулоқотини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ташриф якунида АҚШ давлат тузилмалари ва йирик компаниялари июнь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди. Унда янги инвестиция лойиҳалари ва амалий келишувлар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






