Logo

BBC 80 йилдан сўнг ўзбек ҳарбий асирининг сирини очди

Май 07, 2026. 15:25 • 3 дақ

49
BBC 80 йилдан сўнг ўзбек ҳарбий асирининг сирини очди

ЛОНДОН, 7 май. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур BBC телерадиокомпанияси сайтида Ольга Ившина муаллифлигида “Аскар Томни қидириб: Иккинчи жаҳон уруши даврида совет ҳарбий асирининг оилавий сири” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу мақолада 80 йилдан ортиқ вақт давомида тақдири номаълум бўлиб келган ўзбекистонлик Боқижон Акрамов ҳамда уни фашистлар зулмидан асраб қолган британиялик эр-хотин Жон ва Филлис Ле Бретонлар тарихи ҳақида маълумот келтирилган.

Мақолада ёзилишича, Жерси оролида Том номи билан танилган Боқижон Акрамов Иккинчи жаҳон уруши йилларида нацистлар томонидан Норманд оролларига мудофаа истеҳкомларини қуриш учун олиб келинган икки мингга яқин совет ҳарбий асирлари ва мажбурий ишчиларидан бири бўлган.

1943 йилда Боқижон Жерсидаги нацистларнинг мажбурий меҳнат лагерларидан қочиб кетган. Чарчаган, оч ва умидсиз ҳолда у маҳаллий фермерлар Жон ва Филлис Ле Бретонларнинг эшигини тақиллатади. Улар хавфни тушунишади ва уни қабул қилиб, ҳаётини сақлаб қолишади.

Боқижон Акрамов кейинчалик асирликда сақланган лагердаги шароит ҳақида ўз кундалигида шундай ёзган:

“Биз тонг саҳарда то кечгача тош қазар эдик. Егулигимиз тушликда шўрва, кечки овқатимиз эса нон ва озгина ёғдан иборат эди. Кичик хатомиз учун бизни шафқатсизларча калтаклашарди. Агар ишлай олмасак, оч қолдиришарди ва яна калтаклашарди. Улар бизнинг касал эканимизга ҳеч қачон ишонишмасди”.

Ле Бретон оиласи Боқижонни икки йилдан ортиқ вақт давомида яшириб келган. Уларнинг бу ҳаракати жуда хавфли эди. Жерсининг яна бир фуқароси Луиза Гоулд Фёдор исмли совет қочоғини яширгани учун Равенсбрюк концлагерига юборилган ва газ камерасида ҳалок бўлганди. Ле Бретонлар эса Томга болалари билан бирга ўйнаш ва китоб ўқишга рухсат беришарди.

Шунингдек ўқинг

1945 йилда Норманд ороллари озод этилгач, Боқижон Акрамов Совет Иттифоқига қайтариб юборилди. Бир қанча вақт у ўз халоскорлари билан алоқада бўлиб турди, бироқ кейин ёзишмалар тўхтаб қолди ва унинг кейинги тақдири узоқ йиллар давомида номаълум бўлиб қолди.

“Биз Томни жуда яхши кўрардик. У менинг урушдан қолган асосий хотирам ва унинг сурати ҳали ҳам кроватим ёнида турибди. Аммо урушдан кейин унга нима бўлганини ҳалигача билмайман”, – дея хотирлаган эди Жон ва Филлис Ле Бретонларнинг қизи Далси Ле Бретон.

Мақолада таъкидланишича, BBC журналистлари архив материаллари устида олиб борган кўп йиллик изланишлар натижасида собиқ ҳарбий асирнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлган. Қидирув ва суриштирувлар мухбирларни Ўзбекистоннинг Наманган вилоятига олиб келган ва у ерда Боқижон Акрамовнинг авлодлари топилган.

Фронтчининг набираси Шамсиддин Охунбоев Ле Бретонлар оиласида сақланиб қолган фотосуратлар ҳақиқатдан ҳам бобосига тегишли эканини тасдиқлаган. Қариндошларининг айтишича, Боқижон Акрамов уруш ва асирлик давридаги кечинмалари ҳақида камдан-кам гапирган.

Собиқ совет ҳарбий асирлари ватанига қайтганидан сўнг кўпинча шубҳали муносабат ва меҳнат фаолиятидаги чекловларга дуч келгани таъкидланган. Боқижон Акрамов қобилияти ва тажрибасига қарамай, узоқ йиллар Намангандаги заводлардан бирида боғбон бўлиб ишлаган.

BBC кўмагида Боқижон Акрамовнинг Ўзбекистондаги оиласи ва уруш даврида уни қутқарган оиланинг қизи, ҳали ҳам Жерси оролида истиқомат қилаётган Далси Ле Бретон ўртасида видеомулоқот ташкил этилган.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти фармонига кўра, Буюк Британия фуқаролари – марҳум Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонлар Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати ва инсонпарварлик ҳаракатлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Давлат мукофоти уларнинг қизи Далси Ле Бретонга топширилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш