Ўзбекистон делегацияси Қирғизистондаги Халқаро Иссиқкўл форумида иштирок этди
Июнь 20, 2026. 11:31 • 2 дақ
• 81ЧЎЛПОН-ОТА, 20 июнь. /«Дунё» АА/. Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида буюк адиб ва давлат арбоби Чингиз Айтматов ташаббуси билан 40 йил аввал асос солинган Халқаро Иссиқкўл форумининг юбилей тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, “Дунё цивилизациявий бурилиш даврида: келажак сари биргаликда” мавзусида ташкил этилган анжуманда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Россия, Қозоғистон, Хитой, Буюк Британия, Япония, Италия, Испания ва бошқа давлатлар делегациялари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Форумнинг панель сессиясида Содиқ Сафоев ўз сўзида бугунги дунё чуқур геосиёсий ўзгаришлар ва маънавий синовлар даврини бошдан кечираётганини таъкидлади. Чингиз Айтматовнинг инсонпарварлик, тарихий хотира ва маданиятлараро мулоқот ҳақидаги ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани қайд этилди.
Марказий Осиёда кейинги йилларда шаклланган ўзаро ишонч муҳити, минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичи ҳамда парламентлараро алоқаларнинг мустаҳкамланаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақа ҳамкорлик ва умумий тараққиёт маконига айланиб бормоқда.
Бундан ташқари, Марказий Осиё халқларини муштарак тарих, маданият ва қадриятлар бирлаштириб туриши, минтақавий ўзликни мустаҳкамлаш эса бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


