Ўзбекистон делегацияси Жанубий Америка умумий бозори етакчилари саммитида иштирок этди
Июль 06, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 61АСУНЬСОН, 6 июль. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Парагвайнинг пойтахтида Меркосур ва ҳамкор мамлакатлар етакчиларининг саммитида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, саммитда хизмат кўрсатиш соҳаси, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо дипломатиясини такомиллаштириш ҳамда Парагвайнинг Жанубий Америка иқтисодиёти ва жаҳон бозорлари ўртасидаги муҳим транспорт-логистика ҳамда савдо маркази сифатидаги ўрни билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Саммитнинг Асунсьон шартномаси имзоланганининг 35 йиллигига бағишланган ялпи мажлисида Содиқ Сафоев ўз сўзида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида эришаётган натижаларига эътибор қаратди. Шунингдек, Ўзбекистон Меркосур мамлакатлари билан савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, «яшил» энергетика, транспорт ва логистика, таълим, илм-фан, туризм ҳамда маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор экани билдирилди.
Саммит доирасида Ўзбекистон ва Парагвай ўртасида савдо ҳажмини ошириш, бозорларга ўзаро кириш имкониятларини кенгайтириш, агросаноат, энергетика, тоғ-кон, кимё ва тўқимачилик саноати соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, хукуматлараро комиссияни ташкил этиш ҳамда саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Меркосур (Жанубий Америка умумий бозори) – 1991 йилда умумий бозор яратиш, товарлар, хизматлар ва ишлаб чиқариш омилларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, шунингдек, аъзо давлатларнинг иқтисодий ва савдо сиёсатини мувофиқлаштириш мақсадида тузилган Жанубий Америка мамлакатларининг энг йирик интеграцион бирлашмасидир.
Ҳозирги вақтда Меркосур аъзолари – Аргентина, Бразилия, Парагвай, Уругвай ва Боливия. Уларнинг аҳолиси қарийб 300 миллион кишини, ялпи ички маҳсулоти эса тахминан 3 триллион АҚШ долларини ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


