Қорақалпоғистон Республикаси ва Покистоннинг Панжоб провинцияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди

Июль 06, 2026. 10:00 • 3 дақ

90
Қорақалпоғистон Республикаси ва Покистоннинг Панжоб провинцияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди

ЛАҲОР, 6 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистоннинг Панжоб провинцияси Бош вазири Марьям Наваз Шариф билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида сўнгги йилларда шаклланган стратегик шериклик муносабатларини ҳудудлараро ҳамкорлик орқали янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Марьям Наваз Шариф Ўзбекистон ҳудудлари делегацияси билан навбатдаги мулоқотдан мамнунлигини билдириб, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Музокараларда Қорақалпоғистон ва Панжоб провинцияси ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тўқимачилик, фармацевтика, ахборот технологиялари, тоғ-кон саноати ҳамда логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, агротехнологиялар бўйича тажриба алмашиш, Панжобнинг картошка етиштиришдаги илғор тажрибасини Қорақалпоғистонда жорий этиш, покистонлик фермерларни республикага жалб қилиш ва уларга қишлоқ хўжалиги фаолиятини ташкил этиш учун ер майдонлари ажратиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Қорақалпоғистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналар ҳамда йирик инфратузилма лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, Панжоб тадбиркорлари иштирокида махсус эркин иқтисодий зонани ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Панжоб Бош вазири ушбу ташаббусни атрофлича кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Томонлар Покистоннинг тўқимачилик соҳасидаги катта тажрибасини инобатга олган ҳолда, мазкур йўналишда фаолият юритаётган инвесторларни Қорақалпоғистонда юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жалб этиш масаласини ҳам муҳокама қилди. Бунинг учун зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари, энергетика ва бошқа инфратузилма объектлари билан таъминлаш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Музокаралар давомида транспорт ва логистика соҳасида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, Қорақалпоғистон ҳудудида замонавий халқаро логистика марказини ташкил этиш ва уни Покистон тадбиркорлари учун Европа, Марказий Осиё, Осиё ҳамда МДҲ мамлакатлари бозорларига чиқишда самарали транспорт-логистика платформаси сифатида ривожлантириш таклифи илгари сурилди.

Фармацевтика, ахборот технологиялари ҳамда тоғ-кон саноати соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Покистон компанияларининг ушбу йўналишлардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, энергетика ва сув таъминоти билан таъминлаш имкониятлари мавжудлиги маълум қилинди.

Шу билан бирга, икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Нукус ва Лаҳор шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш таклифи илгари сурилди. Панжоб Бош вазири мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, тегишли келишув лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда икки томонлама маданий ва иқтисодий тадбирларни мунтазам ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш