Ўзбекистон делегацияси Пекинда халқаро конференцияда иштирок этди

Август 29, 2026. 12:00 • 2 дақ

60
Ўзбекистон делегацияси Пекинда халқаро конференцияда иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси Пекинда халқаро конференцияда иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси Пекинда халқаро конференцияда иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси Пекинда халқаро конференцияда иштирок этди

ТОШКЕНТ, 29 август. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 24–26 август кунлари Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Умумий келажак, Осиёнинг янги саҳифаси: Осиё мамлакатлари ягона тақдир ҳамжамиятини барпо этиш” мавзусида Пекин шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, тадбирда турли мамлакатларнинг сиёсий ва жамоат арбоблари, Хитой вазирлик ва идоралари раҳбарлари, дипломатик корпус вакилларидан иборат 200 дан ортиқ киши қатнашди.

Конференциянинг очилиши маросимида Содиқ Сафоев Ўзбекистонда Янги Ўзбекистонни барпо этиш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳақида қисқача сўзлаб берди. Шунингдек, Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган яқин қўшничилик ва ҳамкорлик муҳити алоҳида эътироф этилди. Кенг Осиё минтақасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар илгари сурилди.

Тадбир иштирокчилари ўз чиқишларида Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни кучайтириш, умумий тараққиёт ва фаровонликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Конференцияда иштирок этган айрим хорижий делегациялар раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши раиси ўринбосари Ван Дунмин билан бўлиб ўтган учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат раҳбарлари белгилаган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш имконияти ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари сўнгги йилларда юқори босқичга кўтарилгани қайд этилди. Ван Дунмин бу жараёнда икки мамлакат раҳбарларининг муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.

Хитой ижтимоий фанлар академияси президенти Гао Сян, Пекин университети ректори Гао Сун ҳамда Цинхуа университети ректори Ли Лумин билан бўлиб ўтган учрашувларда эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Хитойнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги истиқболли йўналишларни белгилаш юзасидан фикр алмашилди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш