“Diplomacy Journal”: 4–6 сентябрь кунлари Самарқандда Парламентлараро иттифоқ ёш аъзоларининг XII халқаро конференция бўлиб ўтади
Август 24, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 87
СЕУЛ, 24 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “Diplomacy Journal” нашрида 4–6 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқ ёш аъзоларининг XII халқаро конференциясига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, мазкур конференцияда 183 мамлакат, 15 та халқаро ташкилот ва 50 га яқин доимий кузатувчини ифодаловчи қарийб 300 нафар делегат иштирок этиши кўзда тутилган.
Тадбир дастуридан олтита сессия ўрин олган бўлиб, уларда иштирокчилар замонавий дунёда ёшларнинг мақоми ва ҳуқуқларига оид долзарб масалаларни муҳокама қилади.
Хусусан, можаролар ва рақамли трансформация шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ёшлар бандлигини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Журналда таъкидланишича, конференция кун тартибида интерактив ва инновацион ишлаш форматлари, жумладан, кичик гуруҳлардаги муҳокамалар, тренинглар ва мулоқот форумлари ҳам кўзда тутилган.
Бундай ёндашув нафақат фикр ва тажриба алмашиш учун самарали майдон яратиш, балки турли мамлакатлардан келган ёш парламентарийлар ўртасида профессионал алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Конференциянинг муҳим таркибий қисми Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича учинчи глобал форумнинг ўтказилишидир. Унда иштирокчилар Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришда парламентлараро ҳамкорликнинг ролини кўриб чиқади.
Учрашувлар якунида тадбир кун тартибидаги асосий масалалар бўйича ёш парламентарийларнинг тавсиялари ва қўшма ёндашувларини ўз ичига олган якуний ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
Сессиялар 4–5 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Учинчи кун – 6 сентябрь куни эса мезбон мамлакат парламенти томонидан ташкил этиладиган маданий дастурга бағишланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси