“Diplomat”: Ўзбекистон Термиз мулоқоти орқали интеграциянинг янги фалсафасини илгари сурмоқда
Июнь 06, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 89
ПЕКИН, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Diplomat” нашрида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йилда қабул қилинган резолюциясида мустаҳкамлаб қўйилган ва бу трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш учун халқаро-ҳуқуқий замин яратган.
Нашрда логистика харажатларини 30-40 фоизга қисқартириш ва минтақа мамлакатларига Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятини берувчи Трансафғон темир йўл йўлаги лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилган. CASA-1000 ва TAPI каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши минтақада иқтисодий интеграция ва барқарорликни мустаҳкамлаш омили сифатида кўрилаётгани таъкидланган.
Шунингдек, Термиз мулоқотида халқаро ташкилот ва жамғармалар, жумладан Конрад Аденауэр жамғармаси, Бергхоф жамғармаси, “Search for Common Ground” ва Жоржтаун университети иштирок этаётгани қайд этилган.
Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон минтақавий интеграциянинг янги фалсафасини таклиф қилмоқда. Унда инфратузилма лойиҳалари узоқ муддатли тинчлик, барқарор ривожланиш ва минтақа мамлакатларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш воситаси сифатида қаралади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси