Ўзбекистон маҳсулотлари Европа кўргазма майдонларида кенг намойиш қилинади
Июнь 06, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 79
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси дипломатлари дунёнинг энг йирик кўргазма компанияларидан бири – “Messe Frankfurt GmbH” вакили Катрин Орднунг билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон компанияларининг “Messe Frankfurt” майдонларида ташкил этиладиган халқаро ихтисослаштирилган кўргазма ва ярмаркалардаги иштирокини кенгайтириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини Европа бозорида фаол илгари суриш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Суҳбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, IT, тиббиёт ва инновациялар соҳасидаги етакчи тармоқ кўргазмаларига жалб этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби йирик тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, янги шериклар топиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда муҳим кўприк бўлиши таъкидланди.
Дипломатлар немис томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда хорижлик сармоядорлар учун яратилаётган қулай инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида, Катрин Орднунг ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. У “Messe Frankfurt” компанияси Ўзбекистон ишбилармон доираларини Франкфуртда ўтказиладиган бўлажак йирик кўргазма тадбирлари ҳақида мунтазам хабардор қилиб боришга ва бу борада яқиндан кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар Германиянинг халқаро кўргазма майдонларида юртимиз компаниялари ва миллий маҳсулотлари иштирокини кўпайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам ва тизимли алоқаларни сақлаб туришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси