Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Июнь 01, 2026. 15:10 • 5 дақ

322
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Жанубий Кореядаги мудофаа заводида кучли портлаш содир бўлди 

Бугун Жанубий Кореянинг Тэжон шаҳридаги мудофаа саноати корхоналаридан бирида юз берган кучли портлаш оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди, яна икки киши жароҳат олди. Мамлакат Президенти Ли Чжэ Мён воқеа юзасидан барча мавжуд ресурсларни сафарбар этиб, қутқарув ишларини тезлаштириш бўйича топшириқ берган.

Манба: Yonhap

***

БМТ АҚШ ва Хитой сабабли банкротлик ёқасига келиб қолди 

АҚШ ва Хитой назорат учун курашда ташкилотга тўловларни тўхтатиб қўйгани сабабли БМТ банкротлик арафасида турибди. Айни пайтда Қўшма Штатларнинг БМТ олдидаги қарзи 4 млрд доллардан ортиқни ташкил этади. Хитой эса ўзини ташкилотнинг асосий ҳимоячиси ва молиявий бадаллар бўйича амалдаги етакчи деб аташига қарамай, тўловларни кечиктириб, ташкилотдаги инқирозни янада чуқурлаштирди. Хитой ТИВ раҳбари Ван Ининг ташкилотга ташрифи чоғида қарийб 850 млн доллар ўтказилган бўлишига қарамасдан, ХХРнинг БМТдан 445 млн доллар қарзи бор.

Манба: The Wall Street Journal     

***

Испанияда кучли жазирама сабаб 36 киши ҳалок бўлди

Испанияда кучли жазирама сабаб 36 киши ҳалок бўлди. Испаниянинг катта қисмини кучли иссиқлик тўлқини қамраб олди. Мамлакат жануби-ғарбий қисмида ҳарорат деярли 40 даражага етди. Май ойининг ўрталаридан бери мамлакатда юқори ҳарорат сақланиб қолмоқда. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, сўнгги икки ҳафта ичида ҳаддан ташқари иссиқлик туфайли камида 36 киши вафот этган.

Манба: Reuters

***

Мьянмадаги портлаш оқибатида 46 киши ҳалок бўлди

Мьянманинг шимоли-шарқида жойлашган Каунгтуп қишлоғида юз берган кучли портлаш оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида олти нафар бола ҳам бор. Қутқарувчилар маълумотига кўра, яна 74 киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Ҳодиса 31 май куни Намхкам тумани ҳудудида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш юз берган бинода кончилик ишлари учун мўлжалланган портловчи моддалар сақланган бўлиши мумкин.

Манба: The Washington Post

***

Путин Арманистонга жиддий таҳдид қилди

Россия президенти Владимир Путин Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидан (ЕОИИ) чиққудек бўлса, жиддий оқибатлар юзага келишидан огоҳлантирди. “Арманистон Европа Иттифоқи стандартларига ўтар экан, биз у билан иқтисодий интеграцияни буткул тўхтатишимиз лозим бўлади. Улар ўз маҳсулотларини кимга сотади? Арман виносини ким олади? Улар учун темирйўл тарифлари оширилади. Энергия манбалари баҳосини кўтаришга тўғри келади. Арманистон фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олиши зарур бўлади”, – деган Путин Остона шаҳрида бўлиб ўтган ЕОИИ саммитида.

Манба: Meduza

***

Франциядаги байрам аъзага айланди

Европа Чемпионлар лигаси финалида ПСЖнинг ғалабасидан сўнг Франция пойтахти Парижда мухлисларнинг ғалабани нишонлаш вақтида оммавий тартибсизликлар юз берган. Маълумотларга кўра, бир киши ҳалок бўлган, яна бир киши комага тушган, 219 киши жароҳатланган ва қарийб 800 киши қўлга олинган.

Манба: BBC News      

***

Туркияда автобус иштирокидаги ЙТҲда 7 киши ҳалок бўлди

 Туркия жануби-ғарбида йўловчи автобуси иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида етти киши ҳалок бўлди, яна 30 киши жароҳатланди. Изимир–Анталья йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “Pamukkale Turizm” компаниясига тегишли автобус Денизли–Айдин автомагистралида йўл тўсиғига бориб урилган ва ёниб кетган. Авария Денизли вилоятининг Сарайкўй туманида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида етти киши ҳаётдан кўз юмган, яна 30 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Манба: BirGün   

***

АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди

 АҚШ дам олиш кунлари Эрон ҳарбий объектларига зарба берганини маълум қилди. Эрондаги Мухофизлар корпуси бунга жавобан душанба куни Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базасини нишонга олди. АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича якшанба куни Эроннинг Кўрфаз соҳилидаги объектларига зарба берган. Бу ҳужумлар “халқаро сув ҳудудларида парвоз қилаётган АҚШнинг MQ-1 дронини уриб туширишни ўз ичига олган Эроннинг ҳаракатларига” жавобан амалга оширилган.

  Манба: Reuters  

***

Эбола назоратдан чиқиб кетмоқда

Эбола вируси назоратдан чиқиб, Марказий Африкада шиддат билан тарқалмоқда. Конго Демократик Республикаси шарқидаги Итури провинциясида кузатилаётган Эбола безгагининг навбатдаги авж олиши мисли кўрилмаган суръатлар билан тарқалмоқда. Ҳозирги вақтга келиб Конгода 1 мингдан ортиқ гумонланувчи касалланиш ҳолати ва 240 га яқин ўлим ҳолати қайд этилган. Эболанинг тарихдаги энг ҳалокатли авж олиши 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада юз берган. Ўшанда 11 300 дан ортиқ инсон вафот этган, касалланганлар сони эса 28 600 дан ошиб кетган.

Манба: MSF   

***

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчисининг қизи қўлга олинди

 Қирғизистон собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва Ўзбекистондаги собиқ элчи Эмилбек Узоқбоевнинг қизи Мээрим Узоқбоева қўлга олинди. Маълум қилинишича, у давлат мулкини хусусийлаштиришдаги коррупцияда гумонланиб қўлга олинган. Гап Бишкекдаги “Қирғизайилкомок” корхонаси ҳақида кетмоқда. Айни пайтда ушбу компания акцияларининг 63 фоизи Узоқбоевлар оиласига тегишли. 1993 йилда оммавий хусусийлаштириш тўлқинида Эмилбек Узоқбоев корхонанинг бошланғич 0,5 фоиз акцияларини сотиб олганди. Кейинги 30 йил давомида у аста-секин бошқа акциядорлардан улушларни харид қилган ва шу тариқа акцияларнинг 63 фоизини назорат қилган.

Манба: 24.kg

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш