Ўзбекистон Бош консулхонаси: АҚШнинг Вашингтон штатидаги ўрмон ёнғинларидан жабр чекканлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ
Август 03, 2026. 09:35 • 2 дақ
• 10
СИЭТЛ, 3 август. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Вашингтон штати Спокан шаҳрига ўрмон ёнғинлари хавфи туфайли 60 мингга яқин кишига эвакуация қилиш тўғрисида кўрсатма берилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Reuters” агентлигининг маълум қилишича, минтақадаги ёнғинлар натижасида аллақачон 600 та бино, жумладан, турар-жойлар ва корхоналар вайрон бўлган.
Штат ҳукумати маълумотларига кўра, минтақада жами 250 минг акрдан ортиқ (101 минг 171 гектар) майдон ёнмоқда.
“Спокан ҳудудидаги учта алоҳида ўчоқдан иборат ёнғин эвакуация эълон қилинган туманларга хавф солмоқда”, – деди Спокан ёнғин хавфсизлиги хизмати бошлиғи Том Уильямс “Reuters” агентлигига.
Ёнғинни ўчиришга Миллий гвардиядан ташқари ўндан ортиқ штатдан келган ўт ўчирувчилар ҳам ёрдам бермоқда.
Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси Вашингтон штати ҳукумати билан яқин алоқа ўрнатган ҳолда ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Бош консулхонада маълум қилинишича, сўнгги маълумотларга кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.
Бош консул Ахрор Бурханов ёнғиндан жабр кўрган ҳудудлардаги ватандошларни эҳтиёт чораларини кўришга, маҳаллий ҳокимият ва фавқулодда хизматлар кўрсатмаларига амал қилишга чақирди.
Фавқулодда вазият юзага келганда ёки консуллик ёрдамини олиш зарурати туғилганда, Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консулхонаси +1 (206) 529-7417 телефон рақамига мурожаат қилишни сўрайди. Телефон кеча-ю кундуз, дам олиш кунларисиз ишлайди.
“Reuters” портали сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси