Ўзбекистон ва Хитойнинг Иу шаҳри ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди
Август 30, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 72ИУ, 30 август. / “Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Иу шаҳари раҳбарияти ва Хитойнинг йирик компаниялари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Иу шаҳри раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мэр ўринбосари Тан Тан Иу ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар фаол ривожланаётганини таъкидлади. 2025 йилнинг октябрь ойида Иу шаҳрида Сирдарё вилояти вакиллари иштирокида савдо-инвестиция форуми бўлиб ўтди. Шунингдек, Андижон, Самарқанд ва Нурафшон шаҳарлари билан дўстона ва қардош шаҳар алоқаларини ўрнатиш тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Иркештам қуруқпорти орқали янги логистика йўналишининг ишга туширилиши Ўзбекистонга юкларни етказиб бериш муддатини 7–8 кунгача қисқартириш имконини бергани қайд этилди. Тошкент–Ханчжоу авиақатновининг йўлга қўйилиши ва визасиз режимнинг жорий этилиши Иу шаҳрига ташриф буюраётган ўзбек тадбиркорлари сонининг ортишига хизмат қилди. Хитой томонининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида уларнинг сони 10 минг нафарга етди.
Учрашув якунлари бўйича Иу шаҳрининг йирик ишлаб чиқариш компаниялари делегацияси ва аёл тадбиркорларнинг бизнес-миссиясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, Иуда Ўзбекистон миллий павильонини очиш, шаҳар ОАВ ва оммабоп блогерлари вакилларининг Ўзбекистонга сафарини уюштириш ҳамда жорий йилнинг 15 ноябрь куни Иу шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Халқаро қардош шаҳарлар конференциясида Ўзбекистон шаҳарлари вакилларининг иштироки бўйича келишувларга эришилди.
Етакчи компаниялар раҳбарлари билан музокаралар давомида аниқ мақсадларга эришиш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Иу шаҳрига ташриф доирасида Футянь туманида юртдошимиз Давронбек Буважонов томонидан ташкил этилган “Ташкент” ўзбек миллий ресторанининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Иуда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб, Иу ва қўшни шаҳарларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳамда Хитойда фаолият юритаётган МДҲ мамлакатлари фуқаролари иштирокида Бош консуллик кубоги учун футбол турнири ўтказилди.
Юртдошларимиз билан ўтказилган учрашувларда хорижда вақтинча меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бўлиб турган мамлакат қонунчилигига, виза ва миграция талабларига риоя этиш ҳамда вақтинчалик консуллик ҳисобига туриш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




