Ўзбекистон 2027 йилда МДҲга раислик қилади

Август 28, 2026. 18:00 • 2 дақ

60
Ўзбекистон 2027 йилда МДҲга раислик қилади

МИНСК, 28 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Нуриддин Мамажонов ва МДҲ бош котиби Сергей Лебедев ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Минск шаҳрида ташкил этилган мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликдаги иштирокига оид масалаларни муҳокама қилди.

Сергей Лебедев сўнгги ўн йилликда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштироки сезиларли даражада кенгайганини таъкидлади. Мамлакат МДҲ доирасида қабул қилинган ҳужжатларга фаол қўшилибгина қолмай, балки янги ташаббуслар муаллифи сифатида ҳам майдонга чиқмоқда.

МДҲ бош котибининг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган янги ташаббуслар халқаро ҳамжамият вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу борада иқтисодий зоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, стартаплар ва инновацияларни илгари суриш ташаббуслари муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, МДҲ венчур платформасини яратиш ҳамда энергетика секторини инновацион ривожлантириш дастурини тайёрлаш лойиҳалари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

2024 йилда Тошкент МДҲнинг биринчи Ёшлар пойтахти бўлди. 2025 йилда эса Ўзбекистон пойтахтида МДҲга аъзо давлатларнинг биринчи Минтақалар форуми бўлиб ўтди. “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ва “МДҲ Инновацион саноати” форуми каби бир қатор йирик тадбирлар жорий йилда ҳам муваффақиятли ўтказилди.

Бош котиб 2027 йилда Ҳамдўстликка Ўзбекистон раислик қилишини қайд этди. Мамлакат ташкилотга иккинчи бор раислик қилади. 2020 йилда Ўзбекистон пандемиянинг мураккаб даврига қарамай, ушбу масъулиятли вазифани муносиб уддалаган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш