Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди

Май 11, 2026. 10:30 • 3 дақ

239
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди

ИСЛОМОБОД, 11 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда элчихона ходимлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда Покистонда истиқомат қилаётган фаол ватандошлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ватан озодлиги, халқимиз тинчлиги ва бугунги осойишта ҳаёт йўлида жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримиз, шунингдек, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимиз хотираси ёд этилиб, уларга ҳурмат бажо келтирилди.

Маънавий тадбир Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг кириш сўзи билан очиб берилди. Дипломат ўз нутқида мустақиллик йилларида 9 май санасининг мазмун-моҳияти тубдан янгича маъно касб этганини, бу сана аввало Ватан равнақи ва халқ осойишталиги йўлида жонини фидо қилган инсонлар хотирасини улуғлаш, кекса авлод ва меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатиш кунига айланганини таъкидлади.

Шунингдек, дипломатик ваколатхона раҳбари Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронтларда жасорат кўрсатган, фронт ортида эса оғир меҳнат шароитида ғалабага муносиб ҳисса қўшган ватандошларимизнинг матонати ва фидойилиги бугунги авлод учун ибрат намунаси эканини қайд этди. Юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган мард ва жасур ўғлонларнинг хотираси халқимиз қалбида абадий сақланиши алоҳида урғуланди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 апрелда қабул қилинган «9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 81 йиллик байрами муносабати билан халқимизга йўллаган табригининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистондан қарийб 1,5 миллион нафар инсон фронтга сафарбар этилган бўлиб, уларнинг 538 минг нафари ҳалок бўлган. Шу билан бирга, миллионлаб юртдошларимиз фронт ортида меҳнат қилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали буюк Ғалабага муносиб ҳисса қўшган.

«Бугун юртимизда ҳукм сураётган осойишталик ва фаровонлик ортида уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фидойиларининг машаққатли меҳнати, жасорати ва сабр-матонати мужассам. Шу боис Хотира ва қадрлаш куни Ўзбекистонда халқимизни бирлаштирадиган, инсон қадрини улуғлайдиган, эзгулик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этадиган муқаддас сана сифатида кенг нишонланмоқда», – деди Ўзбекистон элчиси.

Тадбир давомида тинчлик ва осойишталикнинг қадри, мустақилликнинг беқиёс неъмати ҳақида фикрлар билдирилди.  Хусусан, Покистонда вақтинча яшаётган ватандошлар бундай маънавий-маърифий тадбирлар хориждаги ўзбек ёшлари қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва аждодлар хотирасига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтдилар.

Хотира тадбири якунида элчихона дипломатлари фарзандлари ва ватандошлар иштирокида тайёрланган маданий дастур намойиш этилди. Унда ватанпарварлик руҳидаги шеърлар ижро этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш