Logo

Варшавада Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган футбол мусобақаси бўлиб ўтди

Май 09, 2026. 15:00 • 2 дақ

72
Варшавада Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган футбол мусобақаси бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 9 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ташаббуси билан ушбу давлатда истиқомат қилаётган ватандошлар ўртасида футбол мусобақаси ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбир Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, тинчлик ва бирдамлик қадриятларини мустаҳкамлашга бағишланди.

Мусобақанинг очилиш маросимида элчихона вакиллари иштирокчиларга мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши ҳамда спортга фаол жалб этишга қаратилган давлат сиёсати ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, ватандошларга консуллик-ҳуқуқий масалалар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда Польша қонунчилигига қатъий риоя қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Ёшлар билан мулоқот давомида миллий қадриятларни асраб-авайлаш, фуқаролик масъулиятини ошириш, касбий ўсиш ва ҳалол меҳнат орқали жамиятда муносиб ўрин эгаллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маданий-маърифий ва жамоатчилик ташаббусларида иштирок этиш ҳамюртлар ўртасидаги бирдамликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда хорижда Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Ушбу турнир Польшадаги ўзбек диаспорасини жипслаштириш, юртдошлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва дипломатик ваколатхона билан бевосита ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилгани таъкидланди.

Мусобақа соғлом рақобат руҳида ўтказилиб, гуруҳ босқичи, ярим финал ва финал учрашувларини ўз ичига олди. Турнир якунларига кўра, ғолиб ва совриндорлар элчихона томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир сўнгида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари ҳамда анъанавий ширинликлар тортиқ этилди.


Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш