Польша саноат компанияси иштирокида Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этилади

Июнь 20, 2026. 13:00 • 2 дақ

121
Польша саноат компанияси иштирокида Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этилади

 ВАРШАВА, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “APS Energia” компанияси Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) билан Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида битим имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда Польшанинг “Strefa Biznesu”, “Bankier”, “Inwestycje” ва “Stockwatch” электрон порталлари маълум қилди.

Лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш-офис мажмуасини қуриш ҳамда Марказий Осиё, Афғонистон ва Кавказ мамлакатлари бозорларига хизмат кўрсатадиган минтақавий электротехника хабини ишга тушириш режалаштирилган. Қўшма корхонада “APS Energia”нинг улуши 51 фоизни, ОКМКники эса 49 фоизни ташкил этади. Биринчи босқичдаги сармоя ҳажми 15 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Ушбу қўшма корхона фавқулодда электр таъминоти тизимлари ва саноат учун энергетика ечимларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Польша томонининг иштироки технологиялар ва ноу-хауларни топширишни, маҳаллий мутахассисларни тайёрлашни назарда тутади.

Шунингдек ўқинг

Қайд этилишича, лойиҳа келгуси йилларда бир неча ўн миллион злотий миқдорида йиллик даромад келтириши мумкин. Қўшма корхона фаолиятини энг қисқа фурсатларда – аввалига ижарага олинган биноларда, кейинчалик эса қарийб 8 минг квадрат метр майдонга эга янги заводга кўчган ҳолда бошлаши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ОКМК Ўзбекистоннинг энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, унда 35 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади ва йиллик даромади тахминан 4,1 миллиард долларни ташкил этади. Корхона кенг кўламли модернизация дастурини амалга ошираётгани замонавий электр таъминоти тизимларига юқори талабни юзага келтирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш