Ўзбекистон элчиси ва Покистон режалаштириш, тараққиёт ва махсус ташаббуслар вазири икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Июнь 24, 2026. 11:00 • 2 дақ

88
Ўзбекистон элчиси ва Покистон режалаштириш, тараққиёт ва махсус ташаббуслар вазири икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

ИСЛОМОБОД, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон режалаштириш, тараққиёт ва махсус ташаббуслар вазири Аҳсан Иқбол билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ўзаро манфаатли йўналишларда янги ташаббусларни илгари суришга доир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Вазир Аҳсан Иқбол кейинги йилларда Ўзбекистон–Покистон муносабатлари тарихда мисли кўрилмаган даражада фаоллашганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққан.

Шунингдек, Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг ташкил этилгани мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада тизимли ва самарали ривожлантириш учун мустаҳкам институционал асос яратгани урғуланди.

Шунингдек ўқинг

Томонлар савдо-иқтисодий алоқалар ривожига салбий таъсир кўрсатаётган айрим омиллар, хусусан, транспорт-логистика соҳасидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш борасида муайян натижаларга эришилган бўлса-да, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун яна қатор амалий чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳаво қатновлари йўлга қўйилгани ижобий баҳоланди. Айни пайтда Покистоннинг хусусий авиакомпаниялари томонидан Ўзбекистон йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш имкониятларини ўрганиш, парвозлар географияси ва сонини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақа учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Трансафғон темир йўли лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ишларини жадаллаштириш, уни амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ва амалий қадамларни тезлаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Учрашув давомида саноат кооперацияси масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Хусусан, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, фармацевтика, жарроҳлик асбоблари ишлаб чиқариш, агросаноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш