Ўзбекистон ва Сурия ўртасида савдо айланмасини ошириш бўйича келишувларга эришилди

Июнь 17, 2026. 16:00 • 2 дақ

15
Ўзбекистон ва Сурия ўртасида савдо айланмасини ошириш бўйича келишувларга эришилди

ДАМАШҚ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Гулямов ҳамда Сурия Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Айман Ҳамвиеҳ ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Икки давлат Савдо-саноат палаталари раислари ҳам иштирок этган музокараларда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Савдо бўйича Ўзбекистон–Сурия Ҳукуматлараро комиссияси фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда асосий экспорт ва импорт товарлари тўғрисида маълумот алмашиш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида ўзбек томони Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида маҳсулотлар импортида барча давлатларга нисбатан ягона ва камситмаслик тамойилига асосланган ташқи савдо сиёсати юритилаётганини таъкидлади.

Сурия томонининг сўровига биноан, уларга Ўзбекистоннинг ташқи савдо салоҳиятига оид инглиз тилидаги махсус ахборот материаллари тақдим этилди. Савдо айланмасини ошириш мақсадида томонлар қўшма кўргазма ва ярмаркаларда фаол иштирок этишга келишиб олди.

Музокаралар давомида Ҳукуматлараро комиссия ишини ташкил этиш бўйича лойиҳа таклифини ишлаб чиқиш ҳамда жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида Сурия Иқтисодиёт ва саноат вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифини уюштириш юзасидан келишувга эришилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Сурия Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш белгиланди. Мазкур кенгашнинг доимий аъзолари сифатида икки мамлакатдан қурилиш материаллари, электротехника, тўқимачилик, енгил ва қайта ишлаш саноати соҳаларида фаолият юритувчи 20 тадан йирик компания жалб этилиши кўзда тутилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш