Ўзбекистон дипломатлари Новосибирскдаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи тақсимлаш марказида фаолият юритаётган ватандошлар билан учрашди
Сентябрь 09, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 58
НОВОСИБИРСК, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллиги томонидан Сибирь ва Узоқ Шарқдаги энг йирик “Евразия-Сибирь” улгуржи-тақсимлаш марказида (УТМ) меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз билан учрашувлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувлар давомида фуқароларимизга Call-марказлар алоқа рақамлари ва дипломатик ваколатхоналар манзиллари кўрсатилган ахборот эслатмалари тарқатилди ҳамда консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, шахсий хавфсизлик чоралари ва мезбон мамлакатнинг миграция қонунчилигига қатъий риоя этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамюртларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган тақдирда, юзага келган муаммоларни тезкор ҳал этиш учун Новосибирскдаги Бош консулхонага зудлик билан мурожаат қилишлари лозимлиги таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йилнинг февраль ойида фойдаланишга топширилган “Евразия-Сибирь” УТМ Ўзбекистондан Новосибирск вилоятига мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Бугунги кунда ушбу ҳудуд бозоридаги ўзбек маҳсулотлари улуши 80 фоиздан ошди ва кўплаб фуқароларимиз доимий иш ўринлари билан таъминланди.
Ўз навбатида, марказ раҳбарияти эътиборига маҳсулот келтираётган юк машиналари ҳайдовчилари ва сотувчилар хавфсизлигини мустаҳкам таъминлаш муҳимлиги яна бир бор таъкидланди.
Ватандошларимиз мунтазам равишда ўтказилаётган бу каби учрашувлар уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва Сибирь федерал округида ҳуқуқ ҳамда эркинликларини самарали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, Бош консулхонага миннатдорлик билдирдилар.
Бош консулхона томонидан маҳаллий ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик натижасида 2025 йилнинг октябрь ойидан буён ушбу марказ ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай рейд ёки текширувлар ўтказилмаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси