Исломободда Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги олий даражадаги келишувлар ижроси муҳокама қилинди

Сентябрь 09, 2026. 18:30 • 2 дақ

96
Исломободда Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги олий даражадаги келишувлар ижроси муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо вазирлиги, Саноат ва ишлаб чиқариш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларнинг масъул вакиллари ҳам иштирок этди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон–Покистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, экспорт-импорт кўрсаткичларини кенгайтириш, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Томонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишларнинг боришини муҳокама қилдилар.

Икки давлат раҳбарларининг 31 август куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтказган учрашуви ва унда белгиланган устувор вазифаларнинг аҳамияти қайд этилди. Эришилган келишувларни изчил ва самарали амалга ошириш икки томонлама муносабатларнинг иқтисодий мазмунини янада бойитишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот чоғида ўзаро делегациялар алмашинувини кенгайтириш, ҳудудлараро ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кучайтириш, шунингдек, имзоланиши режалаштирилаётган икки томонлама халқаро шартномалар бўйича ишларни жадаллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон-Покистон бизнес-форумларини юқори савияда ташкил этиш ва уларни амалий натижаларга йўналтириш муҳимлигини таъкидладилар. Бунда тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ҳамда ахборот технологиялари каби истиқболли тармоқларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якунида устувор тармоқлар кесимида онлайн учрашувларни мунтазам ташкил этиш, икки мамлакат компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри амалий музокараларни йўлга қўйиш ва аниқ тижорат битимларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Шу мақсадда Покистон Саноат ва ишлаб чиқариш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича аниқ вазифаларни мувофиқлаштириб борувчи ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш