Ўзбекистон дипломатлари кўмагида оғир хасталикка чалинган ҳамюртимиз Франциядан давлатимизга қайтарилди

Ноябрь 15, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 36
Ўзбекистон дипломатлари кўмагида оғир хасталикка чалинган ҳамюртимиз Франциядан давлатимизга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатлари кўмагида оғир хасталикка чалинган ҳамюртимиз Франциядан давлатимизга қайтарилди

ПАРИЖ, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ва Миграция агентлиги билан ҳамкорликда хорижда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ҳамюртимизнинг Ватанга қайтишига кўмаклашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси Э.Л. Европага юк автомобили ҳайдовчиси сифатида ишлаш учун борган. Франциядаги хизмат сафари чоғида унинг соғлиғи кескин ёмонлашган. Шундан сўнг у Лилль шаҳридаги шифохоналардан бирига ётқизилиб, у ерда узоқ вақт даволанган.

У шифохонада бўлган вақт давомида Ўзбекистон дипломатлари бемор, тиббиёт муассасаси ҳамда унинг яқинлари билан мунтазам алоқада бўлиб, зарур ёрдам кўрсатиб турди.

Оиласининг илтимосига биноан, 13 ноябрь куни ҳамюртимиз Ўзбекистонга олиб келинди. Тошкентга етиб келгач, у даволанишни давом эттириши учун тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси мамлакатимиз фуқароларининг хориждаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мураккаб вазиятларга тушиб қолганларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Дипломатик ваколатхона фуқаронинг Ватанга қайтарилишига ўз вақтида амалий кўмак бергани учун “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ва унинг Париждаги ваколатхонасига алоҳида миннатдорлик билдирди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш