Дональд Трамп: Муҳтарам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ажойиб ўзбек айвонлари учун ўз миннатдорлигимни билдираман
Ноябрь 25, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 35
ТОШКЕНТ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президент Дональд Трамп “Truth Social” ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан совға қилинган ўзбек айвонлари учун миннатдорлик билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Мамлакатимиз мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан менга туҳфа этилган ажойиб ўзбек айвонлари учун Ўзбекистоннинг юксак ҳурматга сазовор Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Ўтган ҳафта Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов ва АҚШ ички ишлар вазири Дуглас Бергум иштирокида бўлиб ўтган айвонларнинг очилиш маросими вақтида “Marine One” вертолётида ушбу ҳудуд узра парвоз қилиш мен учун катта шараф бўлди. Айвонлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада гўзал!”, – дея ёзган Оқ уй раҳбари.
Дональд Трампнинг қайд этишича, ўзбек моҳир ҳунармандлари бир неча ой давомида Ўзбекистондаги оилаларидан узоқда бўлиб, мураккаб об-ҳаво шароитида 200 йиллик тоғ ёнғоғи дарахтлари ёғочидан ушбу айвонларни юксак маҳорат билан бунёд этган. Улар чинакам истеъдод соҳибидир.
“Ушбу туҳфани шахсий мулк сифатида сақлаш ўрнига, мен бу гўзал айвонларни кенг жамоатчиликка тақдим этишга қарор қилдим. Улар ҳозирда хавфсиз ва гўзал пойтахтимизда, “Tidal Basin” сув ҳавзаси бўйида, Томас Жефферсон ва Жорж Вашингтон ёдгорликлари манзараси очиладиган жойда қад ростлади”, – деган АҚШ Президенти.
Америка етакчисининг таъкидлашича, бир йилдан сўнг, Миллий қаҳрамонлар боғи очилгач, ушбу айвонлар турмуш қуриш таклифларини билдириш, дипломатик қабуллар ўтказиш, сакура гуллари фестивали давомида фотосессиялар ташкил этиш ҳамда “Tidal Basin” ҳудудига кундалик ташрифлар учун шаҳарнинг энг машҳур масканларидан бирига айланади.
“Буюк ўзбек ҳунармандлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШ Миллий боғлар хизматига ҳам ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Биз Вашингтонни ҳар қачонгидан ҳам гўзал шаҳарга айлантирмоқдамиз!”, – дея фикр билдирган АҚШ Президенти.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси