Ўзбекистонлик ўн ёшли ўқувчи пластик идишларни йиғувчи роботи билан Германияда нуфузли мукофотга сазовор бўлди

Ноябрь 25, 2026. 15:30 • 3 дақ

• 136
Ўзбекистонлик ўн ёшли ўқувчи пластик идишларни йиғувчи роботи билан Германияда нуфузли мукофотга сазовор бўлди

ДРЕЗДЕН, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Саарланд федерал ўлкаси Оттвайлер шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик ўн ёшли Илмиёр Садриддинов ўзи ясаган “AIMER” роботи билан “mb21” Германия мультимедиа мукофотини қўлга киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тақдирлаш маросими Дрезден шаҳрида ташкил этилган медиафестиваль доирасида бўлиб ўтди. Саарланд телерадиокомпанияси (SR)нинг маълум қилишича, Илмиёр 200 нафардан ортиқ рақибини ортда қолдириб, финалга чиққан 15 нафар иштирокчидан бири бўлган.

“AIMER” – оммавий тадбирларда одамлар орасида ҳаракатланадиган робот. У одамларни бўш пластик идишларни ерга ташламасдан, роботга солишга ундайди. Кимдир идиш ташласа, робот овоз чиқариб, хушмуомалалик билан миннатдорлик билдиради, қизиқарли фактлар ва ҳазил гаплар айтади.

Илмиёр матнни нутққа айлантирадиган дастур орқали роботни “гапиртирган”. Роботнинг номи “Artificially Intelligent Mobile Entertaining Recycler” (Сунъий интеллект билан ҳаракатланувчи ва кўнгилочар чиқинди йиғувчи) иборасининг қисқартмаси ҳисобланади. У немисча “Eimer” (челак, чиқинди қутиси) сўзига ҳам ўхшаш. Робот картон, қайта ишланган материаллар ва “LEGO Spike” тўпламидан ясалган.

Ҳакамлар ҳайъати ёш ҳамюртимизнинг ташаббускорлиги, лойиҳани ғоядан прототипгача изчил тақдим этгани ва роботнинг дастурий кодини мустақил ишлаб чиққанини алоҳида эътироф этди. Мутахассислар ушбу лойиҳани келажакда ривожлантириш мумкин бўлган инновацион ғоя сифатида баҳолади.

Иқтидорли ёш ватандошимизнинг айтишича, роботни яратиш ғояси Саарбрюккенда ўтказилган “Make it Saarland” танловига тайёргарлик чоғида туғилган. “Дунёни озода сақла” шиори остида ўтган танловга тайёргарлик жараёнида ёш ихтирочи жаҳондаги жиддий экологик муаммолар ҳақида ўйлаб, чиқиндилар билан ифлосланишга қарши курашишга қарор қилган. Шу тариқа, “AIMER” лойиҳаси яратилган.

“mb21” мультимедиа мукофоти Германиядаги энг нуфузли танловлардан бири ҳисобланади. Унда 25 ёшгача бўлган ёшлар рақамли медиа лойиҳалари билан мамлакат миқёсида беллашади. Танлов Германия болалар ва ёшлар кино маркази (KJF) ҳамда Дрезден медиамаданият маркази томонидан ташкил этилади. Бу йил 28-марта ўтказилган танловда ғолибларга жами 11 минг евро мукофот пули ажратилди.

Ҳомийлар томонидан тақдим этиладиган мукофот пулини Илмиёр роботни такомиллаштиришга сарфламоқчи. Унинг режасига кўра, кейинги намуна картон қути ўрнига ҳақиқий чиқинди контейнери асосида ясалади. Робот ичига камера ўрнатилади ва махсус механизм чиқинди турларини ажратишни ўрганади.

Ҳозирда ёш ҳамюртимиз Оттвайлер гимназиясида таҳсил олмоқда ва мусиқа билан ҳам шуғулланаяпти. У яқинда ўқувчилар ўртасида ўтказилган “Best of GO” тадбирида фортепианода куй чалиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш