Янги Тошкент қурилишига БАА инвестицияларини жалб этиш бўйича музокаралар ўтказилди
Ноябрь 25, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 38
АБУ-ДАБИ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. 23–24 ноябрь кунлари Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси раҳбари ўринбосари Шароф Ражабовнинг БААга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Янги Тошкент қурилишига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, йирик халқаро девелоперлик компаниялари ва жаҳонга машҳур брендларни жалб қилиш мақсадида БААнинг кўчмас мулк, қурилиш ҳамда инвестиция соҳаларида фаолият юритувчи 20 га яқин етакчи компаниялари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар давомида хорижий инвесторларга Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси, шаҳарни ривожлантириш концепцияси, инвестициявий салоҳияти, истиқболли лойиҳалар ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот берилди.
Хорижий компаниялар вакиллари Янги Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳамда шаҳарнинг инвестициявий имкониятларига катта қизиқиш билдирди.
Учрашувларда илғор халқаро тажриба, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик ечимларини жорий этиш, нуфузли жаҳон брендларини жалб қилиш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ шаҳар муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотлар чоғида қатор истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Жорий йил якунига қадар хорижий компаниялар раҳбарияти ва экспертларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Мазкур ташрифлар доирасида эришилган келишувларни янада мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳаларининг асосий жиҳатларини келишиб олиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси