Тошкентда “Ипак йўлида туризм” 31-халқаро туризм ярмаркаси иш бошлади
Ноябрь 25, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 39ТОШКЕНТ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимиздаги “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 45 дан ортиқ мамлакат, 600 дан ортиқ хорижий компания ва 20 га яқин халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда.
Кўргазманинг расмий очилиш маросими эртага режалаштирилган.
Ташриф буюрувчиларга маданий-тарихий маршрутлар, денгиз ва тоғ курортлари, гастрономик турлар ҳамда соғломлаштириш дастурлари таклиф этилмоқда. Шунингдек, миллий павильонлар тақдим қилинди. Уларда юртимизнинг барча 12 вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрининг сайёҳлик имкониятлари намойиш этилмоқда.
Иштирокчилар учун B2B форматидаги учрашувлар, туризм маҳсулотлари тақдимотлари ва муҳокамаларни ўз ичига олган ишбилармонлик дастури тайёрланган. Туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхоналар ва курортлар ўз хизматлари ва таклифларини тақдим этади.
Меҳмонхона, курорт ва дам олиш инфратузилмасига халқаро капитални жалб қилишга қаратилган Биринчи халқаро туризм инвестиция форуми ярмарканинг асосий воқеаларидан бири бўлди.
Форум доирасида инвестиция лойиҳалари ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари, жумладан, меҳмонхоналар қурилиши учун субсидиялар, солиқ имтиёзлари ва имтиёзли молиялаштириш имкониятлари тақдим этилади.
Қайд этилишича, 2026–2028 йилларда туризм лойиҳаларини амалга ошириш учун 5 минг гектар ер майдонини электрон аукцион савдоларига чиқариш режалаштирилган. Инвесторларга панель муҳокамаларида иштирок этиш ҳамда G2B ва B2B форматларида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш таклиф этилади.
Форумнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев мамлакат туризм соҳаси ривожланишининг ижобий динамикасини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонга 11,6 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга кўпдир. Туризм хизматлари экспорти 49 фоизга ўсиб, 6,1 миллиард долларга етган.
27 ноябрь куни “Tashkent City Congress Hall”да БМТ Туризм ташкилоти билан ҳамкорликда “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” ташаббусини ишга тушириш маросими бўлиб ўтади. Тадбир якунида Тошкент декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




