Иорданиянинг “Ad-Dustur” нашри Ўзбекистон–Иордания ҳамкорлигига бағишланган махсус сонни чоп этди
Ноябрь 25, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 53АММАН, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг нуфузли “Ad-Dustur” кундалик нашрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифига бағишланган 20 саҳифалик махсус сон нашрдан чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон–Иордания: ўзаро ҳурмат ва дўстликка асосланган 33 йиллик муносабатлар” умумий мавзусидаги материалларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва рақамли ҳамкорликнинг янги босқичи атрофлича ёритилган.
Махсус соннинг илк саҳифаларида 2025 йил 25–26 август кунлари Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Самарқандга тарихий давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиққани қайд этилган.
Икки давлат етакчилари ўртасидаги ишонч, кўплаб юқори даражадаги ташрифлар ва телефон мулоқотлари орқали минтақавий барқарорлик ҳамда халқаро майдондаги яқин ҳамкорлик мустаҳкамлангани таъкидланган.
Хусусан, БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан муштарак позициялар эътироф этилган. Туризм соҳаси жадал суръатларда ривожланаётгани, 2026 йил 1 июлдан Аммон ва Тошкент ўртасида ҳафтасига икки марта тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳамда 30 кунлик ўзаро визасиз режим жорий этилгани алоҳида таъкидланган.
Аммонда ўтказилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарининг арабча нашри тақдимоти, шунингдек, 9 та китоб ва китоб-альбом ҳақида батафсил маълумот берилган. Ушбу нашрлар Иордания кутубхоналарига тақдим этилгани қайд этилган.
Иқтисодий ва саноат кооперациясига бағишланган туркум мақолаларда 2021–2025 йилларда ўзаро савдо ҳажми 8,5 баробар ўсгани ва 2026 йилда қарийб 300 та товар турини қамраб олувчи имтиёзли савдо келишуви имзолангани ёритилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокидаги 23 та корхона фаолият юритаётгани, 13 та янги лойиҳа портфели шакллантирилгани, Ақаба порти ва махсус иқтисодий зонасининг логистик имкониятлари таҳлил қилинган.
Махсус сондан Ўзбекистон расмий шахслари, хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, маданият вазири Озодбек Назарбеков ва рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов муаллифлигидаги мақолалар ҳам ўрин олган.
Газета саҳифаларида “Янги Тошкент” лойиҳаси, Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуаси ва Қусам ибн Аббос мақбараси орқали Ҳошимийлар сулоласи билан 13 асрлик тарихий-руҳий ришталар, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, янгиланган Имом Бухорий мажмуаси, Аммондаги қадимий Бухорий бозори тарихи ҳамда Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик йўналишлари кенг ёритилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




