Дональд Трамп: Биз Яқин Шарққа қўшин юборишни режалаштирганимиз йўқ
Март 20, 2026. 12:59 • 2 дақ
• 39
ВАШИНГТОН, 20 март. /“Дунё” АА/. Президент Дональд Трамп Қўшма Штатлар Эронга қарши операциясини қўллаб-қувватлаш учун Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий контингент юбормаслигини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “DW News”га таяниб.
Япония бош вазири Санаэ Такайитининг Оқ уйга ташрифи чоғида матбуот вакиллари билан мулоқот чоғида Трамп шундай деди: “Агар мен шундай қилганимда, бу ҳақда сизга аниқ айтмаган бўлардим. Лекин мен қўшин юбормайман. Вазиятни назорат остида ушлаб туриш учун барча зарур чораларни кўрамиз”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Reuters” агентлиги ўз манбаларига таяниб, АҚШ президенти маъмурияти Эронга қарши ҳарбий операцияни кенгайтириши ва Яқин Шарққа яна бир неча минг ҳарбийни олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Бундан ташқари, “Axios” портали ҳам бундай муҳокамалар ҳақида ёзган ва бу “ҳар икки давлат [АҚШ ва Исроил] Эрон ҳарбийлари энди иштирокчи кучлар учун жиддий хавф туғдира олмаслигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина” содир бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Айни пайтда Яқин Шарқда жанговар ҳаракатларнинг 21-куни давом этмоқда. Можаро бошланганидан бери Эроннинг 18 мингдан ортиқ тинч аҳолиси яраланган, Ливанда эса қурбонлар сони минг нафардан ошган. Минтақа бўйлаб яна ўнлаб одамлар, жумладан, АҚШ, Исроил ҳарбийлари ва чет эл фуқаролари ўлдирилган.
“The Atlantic” журнали сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси