Дўстликка берилган — халқаро эътироф
Декабрь 25, 2025. 19:00 • 4 дақ
• 21
ТОШКЕНТ, 25 декабрь. /“Дунё”АА/. Ўзбекистон Одил судлов академияси кабинет мудири Низомиддин Эрназаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳамда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотини топшириш маросими ҳақидаги фикрларини “Дунё” АА мухбирига баён қилди:
- Ушбу нуфузли мукофот уч давлат раҳбарларининг минтақада тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларига берилган юксак халқаро эътирофдир.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида очиқ мулоқот, ўзаро ҳурмат ва конструктив ҳамкорликка асосланган мутлақо янги сиёсий муҳит қарор топди. Бу жараён давлатларимиз раҳбарларининг тинчлик ва барқарорликни энг устувор қадрият сифатида белгилаб олган қатъий сиёсий иродаси, мавжуд муаммоларни куч ишлатиш ёки қарама-қаршилик эмас, балки фақат сиёсий-дипломатик йўллар орқали ҳал этишга бўлган масъулиятли ёндашуви натижасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва минтақавий ҳамжиҳатлик сиёсати Марказий Осиёда давлатлараро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Ушбу ёндашувга кўра, ҳар бир давлатнинг миллий манфаатлари қўшни мамлакатлар манфаатлари билан уйғун ҳолда таъминланиши, минтақавий масалалар эса умумий масъулият ва ҳамкорлик асосида ҳал этилиши лозим.
Президентлар даражасидаги мунтазам учрашувлар, юқори мартабали ташрифлар ва очиқ, холис музокаралар ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлади. Энг муҳими, илгари узоқ йиллар давомида ечимини топмаган мураккаб масалаларни кечиктириш амалиётидан воз кечилиб, уларни очиқ муҳокама қилиш ва ўзаро муроса асосида ҳал этиш механизми шаклланди. Бу эса Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли сиёсий пойдеворини яратмоқда.
Халқаро экспертлар ҳам мазкур жараённи минтақавий ҳамкорликнинг янги ва самарали модели сифатида баҳоламоқда. Жумладан, нуфузли таҳлил марказлари томонидан билдирилган фикрларга кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасида шаклланаётган ишонч муҳити ва очиқ мулоқот амалиёти бошқа минтақалар учун ҳам намуна бўлиши мумкин. Экспертлар таъкидлаганидек, минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро манфаатларни инобатга олган ёндашуви тинчликни таъминлаш билан бирга, барқарор иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий фаровонликка кенг имкониятлар очмоқда.
Айниқса, илгари кескин масала бўлиб келган давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида эришилган келишувлар минтақа тинчлиги ва барқарорлиги йўлида тарихий аҳамиятга эга қадам бўлди. Мазкур келишувлар кўп йиллар давомида турли тушунмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлиб келган муаммоларни сиёсий ирода ва ўзаро муроса асосида ҳал этиш мумкинлигини амалда намоён этди. Натижада чегараолди ҳудудларда хавфсизлик мустаҳкамланиб, фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши, савдо-сотиқ билан шуғулланиши ва кундалик ижтимоий ҳаёти учун қулай шароит яратилди. Бу эса аҳоли ўртасида давлатларга бўлган ишончни ошириш, қўшни халқлар ўртасида дўстона муносабатларни тиклашда муҳим омил бўлмоқда.
Шунингдек, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликнинг фаоллашуви минтақанинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Автомобиль ва темир йўл йўналишларини ривожлантириш, чегара ўтказиш пунктларини модернизация қилиш орқали товарлар ва хизматлар ҳаракатини жадаллаштиришга эришилмоқда. Ўзаро савдо ҳажмининг изчил ўсиши иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш масаласидаги келишувлар ҳам минтақада барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу йўналишда манфаатлар мувозанатини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинаётган қарорлар экологик хавфсизликни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва саноат ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Маданий-гуманитар алоқаларнинг кенгайиши, қўшма маданий тадбирлар, таълим ва илмий алмашинувлар халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва англашувни янада мустаҳкамламоқда. Бундай ҳамкорлик нафақат бугунги авлод, балки келажак авлодлар учун ҳам тинчлик ва дўстлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотининг Марказий Осиё давлат раҳбарларига топширилиши минтақада шаклланаётган ўзига хос тинчлик ва ҳамкорлик моделининг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради. Бу модель куч ишлатиш ёки босим орқали эмас, балки ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда мулоқот ва келишувга асосланиши билан аҳамиятлидир.
Минтақада тинчликни таъминлаш нафақат хавфсизлик масаласи, балки барқарор иқтисодий ривожланиш, инвестициявий жозибадорлик ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу маънода, уч давлат раҳбарларининг олиб бораётган сиёсати нафақат миллий, балки минтақавий манфаатларга ҳам тўлиқ мос келади.
Инсонпарварлик, адолат ва зўравонликка қарши ғояларни тарғиб этувчи Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти дунё ҳамжамиятида юксак нуфузга эга. Унинг Марказий Осиё давлат раҳбарларига топширилиши минтақа тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси раҳбарларининг Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти билан тақдирланиши Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсатнинг мантиқий ва қонуний натижасидир.
Ушбу воқеа минтақадаги барча давлатлар учун ўзаро ҳурмат, ишонч ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқ қолган ҳолда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди. Марказий Осиё давлатлари келгусида ҳам тинчлик ва тараққиёт йўлида биргаликда ҳаракат қилишга қатъий интилишларини намоён этмоқдалар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси