Тошкент-Қозон темир йўл қатнови қайта тикланди
Декабрь 25, 2025. 15:41 • 53 сония
• 80ТОШКЕНТ, 25 декабрь. /“Дунё” АА/. 21 декабрь куни Тошкент-Қозон йўналиши билан Ўзбекистондан йўлга чиққан поезд Қозон шаҳрининг марказий вокзалига етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур воқеа Татаристон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Хусусан, поезднинг келиши ҳақида “Татарстан 24” телеканали, “РЖД-Партнёр” ва “Татар-информ” ахборот агентликлари, шунингдек, Татаристон Транспорт ва йўл хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Пойтахтимизни Татаристон маркази билан боғловчи ушбу темир йўл қатнови ҳафтасига бир марта амалга оширилади. Поезд Тошкентдан якшанба куни жўнаб кетиб, чоршанба куни Қозон шаҳрига етиб боради. Қайтиш йўналишида эса поезд Қозон шаҳридан пайшанба куни йўлга чиқиб, якшанба куни Тошкентга етиб келади.
Шунингдек, поезд қатнови давомида Россиянинг Оренбург, Самара ва Ульяновск вилоятларидаги темир йўл бекатларида тўхтаб ўтади.
Жами 7 та вагондан иборат бўлган ушбу йўналишдаги поезд 342 нафар йўловчига мўлжалланган.
Тошкент–Қозон–Тошкент темир йўл қатновининг қайта тикланиши икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, фуқаролар учун транспорт логистикаси соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Россиянинг “Первый канал”ида Самарқанд ҳақида махсус кўрсатув намойиш этилди



