Logo

Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янада жадаллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди

Декабрь 25, 2025. 14:03 • 2 дақ

171
Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янада жадаллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди

ИСЛОМОБОД, 25 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг савдо ва саноат масалалари бўйича Миллий координатори Ихсаан Афзал Хан билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, муқобил транзит ва логистика йўналишларини ишлаб чиқиш, ҳудудлараро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш имкониятлари муҳокама қилинди.

 Элчи Алишер Тўхтаев Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати ва мамлакатимиз ҳудудларининг инвестициявий салоҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берди. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ва изчил ўсиши, жумладан ялпи ички маҳсулот ҳажмининг муттасил ошиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг сезиларли даражада кўпайганини қайд этди.

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилди. Жорий йилнинг январь–ноябрь  ҳолатига кўра, ўзаро товар айланмаси 434 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

 Ўзаро савдо ҳажмини оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар кўриб чиқилди. Транзит йўлакларининг барқарор ишлашини таъминлаш, божхона ва чегара расмийлаштируви бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва икки томонлама юк ташиш учун соддалаштирилган тартибларни жорий этишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2025 йил июль ойида имзоланган уч томонлама ҳадли битим ижроси, Имтиёзли савдо битими доирасида товар позициялари рўйхатини кенгайтиришга оид муҳим масалалар кўриб қилди. 

Покистон чарм саноатидаги йирик компаниялар ва ишбилармонларни Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари билан танишиш мақсадида бизнес-миссиясини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги туризм алоқаларини янада ривожлантириш муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлди. Жорий йилда Покистондан Ўзбекистонга борган сайёҳлар ва ишбилармонлар сони кескин ортгани қайд этилди. Шу боис, мавжуд тўғридан-тўғри рейслар билан бир қаторда Тошкент–Карачи авиақатновини очиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва саноат соҳаларида ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш