Абу Али ибн Сино номидаги Жиззах техникумига Покистондан замонавий тиббий ускуналар келтирилди
Май 27, 2026. 12:25 • 3 дақ
• 69ИСЛОМОБОД, 27 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан Жиззах шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумига замонавий тиббий асбоб-ускуналардан иборат бепул грант ёрдами етказиб берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур амалий ташаббус икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Лойиҳа жорий йил 15 январь куни Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилди. Мазкур йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, айниқса, мамлакатимиз учун амалий аҳамиятга эга бўлган инвестиция, таълим, соғлиқни сақлаш ва инновацион лойиҳаларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Шу асосда Ўзбекистон элчихонаси томонидан Покистоннинг етакчи тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчиларидан бири – «Stahlmann Pro» компанияси билан мақсадли музокаралар олиб борилди. Ўзбекистонда тиббий таълим тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт техникумларида таҳсил олаётган ўқувчилар учун амалий машғулотлар имкониятларини кенгайтириш ва ўқув жараёнини халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий тиббий воситалар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида «Stahlmann Pro» компанияси Ўзбекистон тиббиёт техникумларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз маҳсулотларини бепул грант асосида тақдим этишга тайёр эканини билдирди.
Компания директори Абдулла Амжад элчихонага 10 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналарни бепул грант сифатида топширди. Қайд этиш жоизки, мазкур жиҳозлар юқори халқаро сифат стандартларига тўлиқ жавоб беради ва асосан АҚШ ҳамда Европа давлатлари бозорларига экспорт қилинади.
Мутахассислар таъкидига кўра, ушбу тиббий жиҳозлар талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш, замонавий тиббий технологиялар билан ишлаш тажрибасини шакллантириш ва уларни рақобатбардош мутахассис сифатида тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, симуляцион усулдаги таълим жараёнлари талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришда самарали восита ҳисобланади.
Ушбу грант доирасида Жиззах шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми базасида Жарроҳлик ва стоматология симуляцион марказини ташкил этиш режалаштирилган. Янги марказда талабалар жарроҳлик ва стоматология соҳалари бўйича амалий машғулотлар ўтказиш, турли тиббий жараёнларни симуляция қилиш ва мураккаб клиник ҳолатлар устида ишлаш имкониятига эга бўладилар.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Покистон ўртасида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







