Туркиядаги халқаро фестивалда ўзбек маданияти ва санъати намойиш қилинди

Май 27, 2026. 12:55 • 2 дақ

17
Туркиядаги халқаро фестивалда ўзбек маданияти ва санъати намойиш қилинди
Туркиядаги халқаро фестивалда ўзбек маданияти ва санъати намойиш қилинди
Туркиядаги халқаро фестивалда ўзбек маданияти ва санъати намойиш қилинди

АЛАНЬЯ, 27 май. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Аланья шаҳрида халқаро дўстлик, маданий алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган анъанавий Аланья халқаро маданият, санъат ва туризм фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур фестивалда Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа туркий давлатлар, шунингдек, дунёнинг қатор мамлакатлари вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида ҳар бир мамлакат учун махсус павильонлар ажратилиб, уларда миллий таомлар, ҳунармандчилик буюмлари ва халқ амалий санъати намуналарининг кўргазма-ярмаркалари ташкил этилди.

Фестиваль доирасида Аланья муниципалитети раҳбари ўринбосари Мурат Кочак билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида томонлар маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, Аланьяда яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий-маданий ҳаёти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Маданий тадбирда Ўзбекистон вакиллари томонидан махсус тайёрланган дастур намойиш этилди. Хусусан, “Андижон полькаси” ва “Хоразм лазгиси” рақслари ижро этилди. Ўзаро ҳурмат ва дўстлик рамзи сифатида Ўзбекистон фуқаролари номидан Аланья муниципалитети раҳбарига Хоразмнинг қадимий миллий бош кийими — чўгирма совға қилинди.

Халқаро фестиваль доирасида элчихонанинг консуллик бўлими ходимлари томонидан Аланья шаҳрида доимий ва вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун сайёр қабул ҳам ташкил этилди.

Қабул давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган консуллик-ҳуқуқий ва шахсий масалалар юзасидан фикр алмашди. Ватандошларимизнинг мурожаат ва саволлари кўриб чиқилиб, уларни қонуний ҳал этиш юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, фуқароларга уларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари Ўзбекистон давлат органлари ҳамда ваколатли тузилмалари томонидан ҳатто хорижда ҳам ҳимоя қилиниши таъкидланди. Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари ҳар қандай мураккаб вазият ёки ҳуқуқий муаммолар юзага келганда ватандошларга зудлик билан ёрдам кўрсатишга доимо тайёр экани қайд этилди. Айни пайтда, Туркиянинг миграция қонунчилиги ва маҳаллий ҳуқуқий меъёрларига қатъий риоя қилиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Тадбир якунида юртдошларимизнинг ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш ҳамда уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг Туркияга расмий ташрифлари, давлатнинг изчил ички ва ташқи сиёсати натижалари, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги янгиланган Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеоматериаллар намойиш этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш