Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Раисини қабул қилди

Октябрь 20, 2026. 21:15 • 2 дақ

• 30
Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Раисини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси, Бангладеш ташқи ишлар вазири Халилур Раҳмонни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, юқори мартабали меҳмон 21-22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” мавзусидаги Жаҳон саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга келди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Халилур Раҳмонни БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси этиб сайлангани билан самимий табриклаб, мазкур мақомда ташриф буюрган биринчи мамлакат Ўзбекистон эканини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, Халилур Раҳмон Ўзбекистон Президентига БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломини етказди.

Мулоқот чоғида БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 15 та резолюцияни қабул қилди, уларнинг иккитаси жорий йилда маъқулланди.

Ўзбекистон ташкилотнинг асосий органлари ва тузилмалари ишида фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз 2035-2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурган.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ҳамда тинчлик маданияти ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш масалаларида конструктив ҳамкорликни янада ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.

Икки томонлама муносабатлар ҳақида сўз юритилар экан, Жанубий Осиёнинг жадал ривожланаётган давлатларидан бири Бангладеш билан кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш