Мисрлик инвестор Ўзбекистонда йўл инфратузилмаси лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилди
Июль 23, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 86
ҚОҲИРА, 23 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлатдаги Халқаро тижорат ва қурилиш компанияси директори Амр Эль-Шенави билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Амр Эль-Шенави Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши соҳасига катта қизиқиш билдирди. У юқори сифатли хомашёлардан фойдаланган ҳолда замонавий автомагистраллар ва кўприкларни ҳамкорликда барпо этиш таклифини илгари сурди.
Учрашувда асфальт қопламасини қуёш нурларининг тик тушишидан ҳимоя қилувчи махсус воситаларни ўрнатиш бўйича инновацион ечимлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу технологик ечим йўл инфратузилмасининг хизмат муддатини сезиларли даражада узайтириш ҳамда молиявий ресурсларни тежаш имконини беради. Миср томони ушбу ҳимоя конструкцияларини ишлаб чиқариш бўйича корхонани бевосита Ўзбекистонда ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар давомида жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида Амр Эль-Шенавининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан музокаралар ўтказишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси