Ўзбекистон миллий стенди Польшадаги халқаро ярмарка меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди
Июль 23, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 86ДРОХИЧИН, 23 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси вакиллари Дрохичин шаҳрида бўлиб ўтган “IV Дрохичин ярмаркаси”да миллий стенд билан иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маҳаллий ҳокимлик ва маданий марказлар ташаббуси билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, сайёҳлар ҳамда шаҳар аҳолисидан иборат 800 нафардан ортиқ меҳмон қатнашди.
Ярмарка доирасида 150 нафардан зиёд иштирокчи ўз маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмлари, миллий таомлари ва маданий дастурларини намойиш этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Подляск воеводалиги маршали ўринбосари Яцек Пиорунек, Дрохичин мэри Войцех Борзим, шаҳар маданият маркази директори Рафал Сивек ва бошқа расмийлар сўзга чиқди.
Элчихона вакиллари ўз чиқишларида мамлакатимизда миллий маданият, урф-одатлар, халқ амалий санъати ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини акс эттирувчи тарғибот материаллари, қуруқ мевалар, миллий либослар ва ҳунармандчилик намуналари тақдим этилди. Шунингдек, ярмарка меҳмонлари учун алоҳида палов тайёрланиб, миллий чой маросими ташкил этилди ҳамда най созида жонли мусиқий чиқишлар намойиш қилинди.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Польшадаги ижобий имижини янада мустаҳкамлаш ва маҳаллий жамоатчилик билан амалий алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.
Кўргазмада қатнашган кенг жамоатчилик вакиллари мамлакатимиз ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини баён этди.
Ўрта мактаб педагоги Михал Томакнинг таъкидлашича, Ўзбекистон миллий стенди унда мамлакат ҳақида янада катта таассурот қолдирган. У ўзбек мева-сабзавотларининг таъмини юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг тарихий ва сайёҳлик масканларини шахсан кўриш истагини билдирди.
Маданият маркази ходими Ола Джимала эса жорий йил ноябрь ойида оиласи билан Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштираётганини айтиб, мамлакатнинг бой тарихи, маданияти ва меҳмондўст халқи билан яқиндан танишишни интиқлик билан кутаётганини қайд этди.
Воеводалик фотосуратчиси Агнешка Гумбрихт Ўзбекистон стенди миллий мусиқа, анъанавий чолғу ижроси, ранг-баранг либослар ва мазмунли ахборот материаллари билан безатилганини юқори баҳолади. Унинг фикрича, бундай халқаро тадбирлар мамлакат маданияти ва анъаналарини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




