“Oman Daily” газетаси: Янги Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда
Июль 23, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 9
МАСКАТ, 23 июль. /“Дунё” АА/. Оманнинг расмий “Oman Daily” газетасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари ҳамда мамлакатимизнинг ортиб бораётган халқаро нуфузига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Янги Ўзбекистон модернизация, очиқлик ва барқарор ривожланиш йўлини изчил амалга ошириб, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратмоқда.
Нашрда маҳалла институтини ислоҳ қилиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалла жамоатчилик бошқаруви, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий масалаларни ҳал этишнинг замонавий марказига айланаётгани таъкидланади. Мақолада маҳалла раислари ваколатларининг кенгайтирилгани, маҳаллий бюджетларни молиялаштириш ҳажми ортгани, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича янги механизмлар жорий этилгани ҳақида сўз юритилади.
Газета, шунингдек, ўқувчиларни маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш, маҳаллий ташаббусларни грант асосида қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини такомиллаштириш ҳамда Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида хабардор қилади. 2026 йил Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани алоҳида қайд этилган.
Нашрнинг алоҳида бўлими Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига бағишланган. Мамлакат Президенти музокаралар боришини шахсан назорат қилаётгани, иқтисодиётни либераллаштириш, савдо қонунчилигини такомиллаштириш ва миллий меъёрий-ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини 2026 йилдаёқ якунлашга умид қилиш имконини бериши таъкидланади.
“Oman Daily”, шунингдек, Ўзбекистоннинг олий таълим соҳасида эришган ютуқлари ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Хусусан, “THE Sustainability Impact Ratings 2026” халқаро рейтингига кўра, бирданига 24 та олий ўқув юрти дунёнинг энг яхши 1000 та университети сафига киргани, мамлакатнинг бир қатор олийгоҳлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг алоҳида йўналишлари бўйича юқори ўринларни эгаллагани қайд этилган.
Мақолада Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиевнинг Янги Ўзбекистондаги ўн йиллик ислоҳотлар даври якунларини юқори баҳолаган интервьюсига катта ўрин ажратилган. Унинг сўзларига кўра, изчил ўзгаришлар шарофати билан мамлакат халқаро нуфузини мустаҳкамлади, инвестиция муҳитини сезиларли даражада яхшилади, минтақавий ҳамкорликни фаоллаштирди ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун шароит яратди.
“Oman Daily”да таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тажрибаси ислоҳотларнинг комплекс хусусияти, давлат бошқарувига инсон марказли ёндашув, рақамли технологияларнинг фаол жорий этилиши ҳамда кенг кўламли ўзгаришларнинг ижтимоий-сиёсий барқарорликни сақлаш билан муваффақиятли уйғунлашгани туфайли халқаро ҳамжамиятда ортаётган қизиқишни уйғотмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси