Покистон компаниялари Қорақалпоғистонда спорт анжомлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирди
Июль 08, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 146СИАЛКОТ, 8 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Покистоннинг спорт анжомлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компанияларни бирлаштирган Сиалкот шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида футбол тўплари ва спорт анжомлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Leather Ware” компанияси директори Сайид Раҳим Ҳуссайин, “Silver Star” компанияси раиси Жаҳонгир Иқбол ва “Wembley Sports LTD” бош директори Тоҳир Надим билан музокаралар ўтказди.
Учрашувларда Қорақалпоғистон Республикасининг инвестиция салоҳияти, ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, амал қилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар юзасидан батафсил тақдимотлар ўтказилди.
Музокаралар давомида республикада спорт анжомларига бўлган талаб, айниқса, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари эҳтиёжлари учун ҳар йили тахминан 500 минг дона футбол тўпига эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Қорақалпоғистон ҳудудида қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Покистон компанияларига ишлаб чиқариш қувватларини Қорақалпоғистонга кўчириш ва қўшма корхона ташкил этиш бўйича аниқ таклифлари билдирилди. Лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкаси ажратилиши ва корхонани зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлашга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш орқали қулай логистика имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, МДҲ давлатлари ўртасидаги амалдаги келишувлар асосида Россия ва бошқа минтақавий бозорларга маҳсулотларни божсиз экспорт қилиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.
Компаниялар раҳбарияти Қорақалпоғистонда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни юқори баҳолаб, тақдим этилган таклифларни атрофлича ўрганиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлиги тасдиқлади.
Бўлиб ўтган учрашувлар якунида билдирилган ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида “Leather Ware” ва “Silver Star” компаниялари делегациясининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



