Исроил нашри: Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг глобал нуфузини оширди

Июль 11, 2026. 16:00 • 2 дақ

153
Исроил нашри: Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг глобал нуфузини оширди

ТЕЛЬ-АВИВ, 11 июль. /“Дунё” АА/. Исроилнинг “Kib.co.il” бизнес нашрида V Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи инвестиция ва молиявий марказлардан бири сифатидаги нуфузи тобора ортиб бормоқда. Мақола муаллифи, Ариэль университети илмий ходими Виктория Мартинова Ўзбекистонда ўтказилган форумда шахсан қатнашганини таъкидлаб, тадбирнинг юқори даражада ташкил этилганини қайд этди.

Нашр маълумотига кўра, форумда 100 дан ортиқ мамлакатдан минглаб иштирокчи, жумладан, ҳукуматлар, халқаро молиявий институтлар, бизнес доиралари, етакчи халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган. Форум якунида умумий қиймати 43 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 166 та инвестиция битими имзоланган.

Мақолада форум энергетика, транспорт, саноат, рақамли иқтисодиёт, логистика, тоғ-кон саноати ва юқори технологиялар соҳаларида халқаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айлангани таъкидланган. Шунингдек, Марказий Осиёни халқаро бозорлар билан боғлайдиган транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаларига алоҳида эътибор берилган.

Шунингдек ўқинг

Материалда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги сезиларли даражада ошгани, хорижий сармоялар оқими кўпайгани эътироф этилган.

Мақоланинг алоҳида қисми Ўзбекистон–Исроил ҳамкорлиги истиқболларига бағишланган. Унда ўзбек бизнес доиралари қайта тикланувчи энергетика, қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, тоғ-кон саноати ҳамда олмос саноати тармоқларида Исроилнинг илғор технологиялари ва тажрибасини жалб этишдан манфаатдор экани таъкидланган. Шу билан бирга, мавжуд қўшма лойиҳалар ҳамда янги инвестиция ташаббусларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги маълум қилинган.

Нашр хулосасига кўра, V Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди ҳамда Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам асос яратди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш