Logo

Мисрнинг йирик ҳолдинги билан экспорт-импорт йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Февраль 24, 2026. 09:55 • 56 сония

28
Мисрнинг йирик ҳолдинги билан экспорт-импорт йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилади

ҚОҲИРА, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида “Heaven’s Collection”, “Flower Planet” ва “Solar Star” компанияларини бирлаштирган халқаро савдо ва инвестиция ҳолдинги раиси Мустафо ал-Бораъе билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида мисрлик ишбилармон Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳитни юқори баҳолаб, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда Мисрдан юртимизга сархил ҳўл мевалар, Ўзбекистондан эса қуруқ мевалар етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Ҳолдинг раҳбари ўзбек маҳсулотларини Миср орқали Африка бозорларига экспорт қилишда логистик ва амалий кўмак бериш истагини билдирди.

Музокаралар якунида ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини, жумладан, меҳмонхоналар учун мебель ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини муҳокама қилиш мақсадида Мустафо ал-Бораъенинг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этишга келишиб олинди. Ташриф доирасида мамлакатимизнинг салоҳиятли тадбиркорлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

Мазкур ҳолдинг қишлоқ хўжалиги, гулчилик ва паррандачилик соҳаларида катта тажрибага эга. Ҳолдинг таркибидаги “Flower Planet” компанияси 25 гектар майдонда Нидерландиядан келтирилган ноёб гулларни етиштириб, экспорт қилади. Шунингдек, холдинг таркибидаги хусусий фермаларда Африка туяқушлари парваришланиб, йилига минг тоннадан зиёд парранда гўшти хорижга етказиб берилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш