Logo

Ёш ўзбек мусиқачиларининг ижод маҳсули миллионлаб кишиларнинг кўнглидан жой олди

Февраль 24, 2026. 09:00 • 2 дақ

126
Ёш ўзбек мусиқачиларининг ижод маҳсули миллионлаб кишиларнинг кўнглидан жой олди

АНҚАРА, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Бугунги ахборот технологиялари ва интернет асрида моҳир ижролар орқали бутун бир халқнинг кўнглидан жой олиш мумкинлигини ёш ўзбек мусиқачилари кўрсатиб берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Пойтахтимиздаги Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчилари “Instagram” саҳифасида сўнгги бир ой давомида жойлаб борган туркча қўшиқлари ўн миллионлаб киши томонидан севиб томоша қилинган. Энг асосийси – томошабинлар уларнинг ижодини алоҳида эътироф этиб, изоҳларда илиқ фикрлар қолдирган.

Хусусан, ўзбекистонлик ёш ижодкорлар томонидан ижро этилган “Кара севда” мусиқаси икки ҳафта ичида 45 миллион киши томонидан кўрилган, қарийб 2 миллион “like” олган. Шунингдек, уларнинг “Dedüblüman” гуруҳининг “Belki” ҳамда Тарканнинг “Şımarık” қўшиқлари 20 миллион марта кўрилган. Энг қувонарлиси, ёшларимизнинг ижросига Тарканнинг ўзи ҳам “like” босган.

Ёзиб қолдирилган ўн минглаб изоҳлардан томошабинларнинг аксари айнан Туркиядан эканини англаш мумкин. Кузатувчилар ёш ижодкорларнинг таланти, самимий ижроси, жамоавий руҳи ва жўшқин ҳаракатларидан чуқур таъсирланганини ёзган. Изоҳ қолдирганлар ичида машҳур кишиларнинг ҳам борлиги эътиборли. Жумладан, турк актрисаси Ижлал Айдин (İclal Aydın) ижродан таъсирланиб, “Қувончингиз қалбларга илиқлик олиб кирмоқда. Шоҳонасизлар!” деб изоҳ қолдирган.

Севде Шимшек исмли фойдаланувчи, дилни хира қилувчи хабарлар фонида ўзбек ёшларнинг жўшқин ижроси унга кайфият бағишлаганини таъкидлаб, “Ҳар куни зўравонлик ҳақидаги хабарлар билан ичимиз сиқилган бир вақтда бу ёшлар бизга янгидан умид бағишлади”, деб ёзган. Сена Эрдем профили эгаси ҳам бу фикрни қувватлаб, “Ажойибсиз, ёшлар! Қани энди барча ёшлар шундай бўлса... Йўлингиз очиқ бўлсин!”, дея изоҳ қолдирган.

Ёш ижодкорлар ушбу ижролари билан нафақат ўзларининг, балки бутун юртимизнинг донғини таратиб, хорижда, хусусан, Туркияда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ва меҳрини орттирди. Кузатувчилардан бири Тансел Каянинг ёшларимизнинг бетакрор ижросидан таъсирланиб, “Ҳар куни Ўзбекистонни янада кўпроқ сева бошладим”, дея қолдирган изоҳи бунга яққол мисолдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш