Logo

Ўзбекистонда Покистон ва Жанубий Корея компаниялари ҳамкорлигида инфратузилма лойиҳаси амалга оширилади

Февраль 24, 2026. 10:44 • 2 дақ

65
Ўзбекистонда Покистон ва Жанубий Корея компаниялари ҳамкорлигида инфратузилма лойиҳаси амалга оширилади

ИСЛОМОБОД, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Покистоннинг «Habib Rafiq (Pvt) Ltd» (HRL) компаниясининг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти бўйича директори Малик Муҳаммад Аслам билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда HRLнинг стратегик ва технологик ҳамкорлари ҳисобланган Жанубий Кореянинг «EN Technologies», «Samoocm Architect & Engineers», «Office for Civic Solutions (OCS)», «AKS Group Information Co. Ltd.», «Skyline Profits Global Group of Companies» ва «Big Tops Engineering» компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон–Покистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Малик Муҳаммад Аслам ўзи бошчилигидаги HRL делегациясининг шу йил январь ойида Ўзбекистонга амалга оширган сафари ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, сафар давомида Тошкент, Самарқанд, Хива ва Нукус шаҳарларида қатор қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишув ва шартномаларга эришилган.

Мулоқот чоғида Жанубий Корея компаниялари вакиллари ўз фаолияти юзасидан тақдимот ўтказди. Тақдимотда амалга оширилган халқаро лойиҳалар, молиявий ва техник имкониятлар, шаҳарсозлик ва бошқарув соҳасида рақамли ечимларни жорий этиш, энергия тежамкор объектлар қуриш, саноат зоналарини ташкил этиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш тажрибаси ҳақида сўз юритилди.

– Компаниямиз ҳозирги кунда Ўзбекистонда «Uzbekistan Tashkent Smart Bio-Cluster Development» лойиҳасини амалга оширмоқда, – деди «Office for Civic Solutions» компанияси ижрочи директори Чо Кьюн Хун. – Мазкур лойиҳа Тошкент шаҳрида замонавий биотехнологик ва фармацевтика кластерини барпо этишни назарда тутади. У «ақлли» инфратузилма элементлари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда тўлиқ ишлаб чиқариш занжирига эга қувватларни ўз ичига олади. Шунингдек, «Uzbekistan Angren Free Economic Zone Project» лойиҳасида ҳам иштирок этаяпмиз.

– HRL Ўзбекистонда режалаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Жанубий Корея компаниялари иштирокида халқаро консорциум тузилди, – деди Малик Муҳаммад Аслам. – Консорциум энергетика соҳасида, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, «Smart City» концепцияси асосида замонавий шаҳарлар барпо этиш ҳамда бошқа истиқболли йўналишларда лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Учрашув якунида HRL томонидан Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирган Жанубий Корея компаниялари вакилларининг юртимизга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш